15 июль куни истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танловининг финал босқичи натижалари эълон қилинди, дея хабар берди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Танловда иштирок этиш учун махсус веб-порталда республика бўйича 8334 нафар талабгор рўйхатдан ўтиб, сўровнома тўлдирди. Сўровномалар танлов номинациялари бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилди, натижада 4509 нафар иштирокчи танловда қатнашиш учун белгиланган талабларига жавоб бермаслиги аниқланди, 3825 нафар иштирокчи танловда иштирок этишга тавсия этилди.

Танловнинг 1-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра 2455 нафар, 2-тур онлайн тест босқичи натижаларига кўра эса 1356 нафар иштирокчи навбатдаги босқичга тавсия этилди. 2018 йилнинг 16 декабрь куни танловнинг ахборот-таҳлилий материал (доклад) тайёрлаш босқичи ўтказилди. Босқич натижаларига кўра, қарорга мувофиқ 300 нафар иштирокчи танлаб олинди ва навбатдаги босқичга тавсия этилди.

Танлов ғолибларини аниқлашда танлов комиссиялари таркибида Ўзбекистон президенти Администрацияси масъул ходимлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этди. Танловнинг якуний босқичи натижасига кўра 50 нафар ғолиб ва 100 нафар финалчи аниқланди.

Танловнинг финал босқичида баҳолаш мезонлари сифатида қуйидаги компетенциялар белгиланди: бошқарув профессионализми, лидерлик қобилияти, тизимли фикрлаш салоҳияти, ўзгаришларга мослашувчанлик. Финал босқичи ғолиблари танловнинг taraqqiyot-tanlov.uz расмий сайтида эълон қилинди.

Танловнинг 50 нафар ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичида иштирок этган 100 нафар иштирокчиларига энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Шунингдек, танлов ғолиблари тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади ва танловнинг тегишли номинациялари бўйича ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида стажировка ўтайди, танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.