Сешанбадан чоршанбага — 16 дан 17 июлга — ўтар кечаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қисман Ой тутилиши содир бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати хабар қилди.

Учта осмон жисми — Қуёш, Ер ва Ой — бу вақтда бир чизиқда саф тортади ва Ернинг сояси Ой сатҳига тушади.

Ой тутилиши Тошкент вақтида билан 1:01 да бошланади. Бу вақтда Ер сояси Ой юзасини қоплашни бошлайди. 2:30 да Ой тутилиши энг юқори чўққисига чиқади ва Ой сатҳининг 66 фоизи соя билан қопланади.

Қуёш тутилишидан фарқли равишда (ўшанда Қуёш сатҳининг бир қисми кўринмайди), Ой тутилиши вақтида у кўриниб туради. Фақатгина соя Ой сатҳи бўйлаб ҳаракатланар экан, у қизғиш жигарранг тусга киради.