13 июль куни тахминан 11:30 да Шайхонтоҳур туманида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар берди Тошкент ИИББ матбуот хизмати.

Кўксарой кўчасида 58 ёшли ҳайдовчи Хусниддин Х. бошқарувидаги Captiva автомобили пиёдани уриб юборди. ЙТҲ натижасида 9 ёшли Муслима тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмди. Ҳодисага қизалоқнинг йўлнинг ҳаракатланиш қисмига тўсатдан югуриб чиққани сабаб бўлган. Ҳайдовчи тўқнашувнинг олдини олишнинг уддасидан чиқа олмаган, дейилади хабарда.

Ушбу ҳодиса муносабати билан ИИББ ЙҲХБ ходимлари Шайхонтоҳур туман Ибн Сино-1 мавзеси аҳолиси билан суҳбат ўтказди. Уларга вояга етмаганлар билан тушунтириш ишларини олиб боришнинг аҳамияти эслатилиб, болаларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик ҳаёт учун хавфли эканини тез-тез эслатиб туриш лозимлиги таъкидланди.

Шу ҳафтанинг ўзида болалар иштирокидаги яна бир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган эди. Сергели туманида Matiz ҳайдовчиси Баҳром Х. йўлга югуриб чиққан беш ёшли бола Р. С.ни уриб юборди. Бола жиддий тан жароҳатлари олди.