12 июль куни Мудофаа вазирлигига қарашли республикадаги барча «Темурбеклар мактаби"да кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар депараменти «Газета.uz"га.

Хусусан, Фарғона вилоятида жойлашган «Темурбеклар мактаби"га жорий йилда касбий-танлов босқичларидан муваффақиятли ўтган, 500 дан ортиқ 9-синфни битирган ўқувчи ёшлар ўқишга кириш учун тест синовлари топширди.

Бўлиб ўтган тест имтиҳонларини шафофлигини таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан барча шароитлар яратилди. Фарғона ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати биносида ўтказилган имтиҳон жараёнларини абитуриентларнинг ота-оналари бевосита кузатишлари учун имтиҳон биносининг ташқарисига улкан мониторлар ўрнатилди.


Шунингдек, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида жойлашган ҳарбий лицейларда ҳам бундай имтиҳонлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президентининг 2017 йили қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонига кўра, мамлакатимиздаги барча ҳарбий лицейларга «Темурбеклар мактаби» деб ном берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида «Темурбеклар мактаби» битирувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳақида маълум қилганди.