Қорақалпоғистондаги «Оралиқ» конида саноат миқёсидаги газ оқими олинди, дея хабар берди «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати.

Янги кондаги 1-сонли қидирув қудуғининг чуқурлиги 3910 метрни ташкил этади. Газ-конденсат аралашмасининг кунлик газ бериш бўйича дастлабки кўрсаткичи 700−800 минг куб метрни ташкил қилади.

Яқин вақтларда қудуқда эҳтимолий маҳсулдор горизонтлар (уюмлар) синови бўйича ишлар давом эттирилади, қатламлар кўрсаткичларини аниқлаштириш учун газ-конденсат текширувлари ўтказилди.

Мутахассислар навбатдаги 2- ва 3- қидирув қудуқларида ҳам бурғулаш ишларини давом эттирмоқда, дейилади хабарда.

Шунингдек, компания Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани ҳудудида янги «Чақар» газ кони очилгани ҳақида ҳам хабар қилди. Жорий йилнинг март ойида мутахассислар 2-сонли қудуқда бурғулаш ишларини бошлаган, 10 июль куни 1710 метр чуқурликдан кунлик газ бериш бўйича дастлабки кўрсаткичи 300 куб метр бўлган саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди.

Ушбу конда қатламлар кўрсаткичларини аниқлаш учун газ-конденсат текширувларини ўтказиш, шунингдек, яна иккита қудуқда бурғулаш ишларини давом эттириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Устюрт ҳудудидаги «Кушкаир» конининг 1-сонли қудуқда кунлик газ бериш бўйича дастлабки кўрсаткич 200 минг куб метр бўлган саноат миқёсидаги газ оқими олинди. Қидирув қудуғининг чуқурлиги 3550 метрни ташкил этади.