Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда вояга етмаганларнинг йўқолиб қолгани, кўчада турли қийин вазиятларга тушгани ёки ўзи билмай жиноят иштирокчисига айлангани ҳақида хабарлар кўп тарқалмоқда.

Болалар эсини таниб, гапга тушунадиган ёшга етиши билан уларга хавфсизлик қоидаларини англатиб бориш лозим. Хавфсизлик қоидалари бола у ёки бу сабабга кўра ёлғиз қолган шароитда уни ҳимоя қилувчи ва хавфлардан асровчи хатти-ҳаракатлар мажмуидан иборат.

Юқоридагиларни назарда тутиб, Адлия вазирлиги болалар ва ота-оналарга мўлжаллаган «Болалар учун хавфсизлик қоидалари» номли амалий қўлланма ишлаб чиқди.

Болаларнинг уйда, кўчада, мактабда, жамоат жойларида, транспортда ва йўлнинг ҳаракатланувчи қисмида хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг жиноятчиликка аралашиб қолиши ёки жиноят қурбонига айланишининг олдини олиш мақсадида тайёрланган ушбу қўлланмада маълумотлар аввало амалий аҳамияти юқори ва болалар учун тушунарли бўлиши назарда тутилган ҳолда тақдим этилган.

Шунингдек, ота-оналар учун ҳам ўз фарзандларига хавфсизлик борасида нималарни уқдиришлари лозимлиги ва нималар қилишлари шартлиги ҳақида қатор эслатмалар берилган.

Қўлланманинг болалар учун қизиқарли бўлиши эътиборга олинган ҳолда рангли, суратли, инфографикаларга бой тарзда тайёрланди.

Адлия вазирлиги ушбу қўлланма орқали бир томондан болаларнинг хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш, бошқа томондан эса ёш авлодда қоидаларга бўйсуниш ва қонунга итоаткорлик руҳини тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.