2019 йил 9 июл куни Самарқандда биринчи анъанавий Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги туристик ярмаркаси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан жорий йил Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказилмоқда.

Очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов ва МДҲ ижроия қўмитасининг доимий вакили Татяна Ковалева сўзга чиқди.

Самарқанд вилояти ҳокими халқаро ярмарка меҳмонлари ва иштирокчиларини қутлаган ҳолда, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари ўртасидаги икки томонлама алоқалар шиддат билан ривожланаётгани ва бугунги тадбир бунинг яққол далили эканлигини қайд этиб ўтди.

Ҳоким мазкур тадбир нафақат мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада яхшироқ мустаҳкамлашга, балки туристик салоҳиятни халқаро миқёсда оммалаштиришга ҳам ҳисса қўшишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов қайд этишича, Ўзбекистонда 7,4 мингдан ортиқ маданий мерос обектлари мавжуд бўлиб, тўрт шаҳар ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Икки кунлик тадбир дастури Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги туристик ярмаркасининг очилиш маросими ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-мамлакатлари Туризм кенгаши йиғилиши, миллий стендларга ташриф, янги маршрутлар ва йўриқномалар тақдимоти, шунингдек, «Ипак йўли» Халқаро туризм университети тақдимотларини ўз ичига олади.

Шунингдек, тадбир доирасида «МДҲ мамлакатларида туризм ва минтақавий ҳамкорлик: янги чақирувлар ва имкониятлар» Халқаро илмий-амалий семинарини ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Унда илмий доира вакиллари иштирок этиб, туризм соҳасида минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади, соҳа ривожидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш ёʻллари ўрганилади.

Тадбирларда Ўзбекистон Вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ҳамкорлар ва Қозоғистон, Беларус, Арманистон, Озарбойжон, Туркманистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистондан меҳмонлар, шунингдек, илмий ва ишбилармон соҳа вакиллари, маҳаллий ва чет эл ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.