Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони кейинги 3 йилда қарийб 3 баробарга ошди. Бу ҳақда Kruz.uz сайти орқали хабар берилди.

Статистик маълумотлар бўйича 2016 йилнинг якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикасига 6 минг 270 нафардан ортиқ турист ташриф буюрган. 2018 йилда бу кўрсаткич 15 минг 300 нафарга яқинни ташкил қилган.

2018 йилда Қорақалпоғистонга дунёнинг 108 давлатидан сайёҳлар ташриф буюрган. Улардан аксарияти Франция, АҚШ, Италия, Россия Федерацияси, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония давлатлари фуқароларидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бошқармаси маълумотига кўра, 2019 йилнинг январь-июнь ойларида 8 минг 945 нафар турист келган. Демак, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 160 фоизга ошган.

Республикада 2019 йил 1 июль ҳолатига жойлаштириш воситалари сони 41 тани ташкил қилади (29 та меҳмонхона, 4 та ўтов уйлар ва 8 та меҳмон уйлари). Жами 590 та хонада 1 минг 226 ўрин мавжуд. Туристик синфга мансуб 8 та автобус, 11 та йўл танламас автотранспорт воситалари сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.