Наманган вилояти Косонсой туманидаги кўп асрлик чинор дарахти кесилаётганлиги тўғрисидаги видео лавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атрофлича ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига мувофиқ Наманган вилояти Косонсой туманидаги маданият ва истироҳат боғи марказида кўп йиллик бир туп чинор дарахти мавжуд бўлиб, мазкур чинорнинг ён шохи табиий омиллар таъсирида тўлиқ қуриб қолганлиги ҳамда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиш эҳтимоли мавжудлиги сабабли, шунингдек, соғлом қисмига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан фақат қуриган шохи кесилган.

Келгусида мазкур боғ «Обод марказ» дастури асосида реконструкция қилиниб, чинор дарахти кўп асрлик табиат ёдгорлиги сифатида унинг ён-атрофларини махсус тўсиқ билан ўраш олиш режалаштирилган.