Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 26 июнда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент вилоятининг мавжуд имконият ва салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, ҳудудларни ободонлаштириш, саноат соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар негизида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.

Тошкент вилоятининг Қибрай, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида саноат соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил қилиш мақсадида, Ички ишлар вазири бошчилигида мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилди.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раҳбарлигида Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида мазкур туманларда ушбу йўналишдаги ишларнинг бориши, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилишлар ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Қибрай туманида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими М.Мирқосимовнинг ахбороти тингланиб, кўтарилган ҳар бир масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ҳамда туман ташкилотлари томонидан бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгиланди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қибрай туманида 2019−2022 йилларда 41 та саноат лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бироқ ушбу лойиҳаларни молиялаштириш бўйича тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ жараёнларда муаммолар мавжуд. Йиғилишда Марказий банк тегишли тижорат банклари билан биргаликда қисқа муддатда барча лойиҳалар бўйича кредит йиғма жилдларини тайёрлаб, кредит ажратиш чораларини кўриши ва Ишчи гуруҳ раҳбарига ахборот бериши топширилди.

Муҳокамалар жараёнида туманнинг «Кичик саноат зонаси"даги 12 та лойиҳалардан бугунги кунда ишга тушишга тайёр бўлган 9 та лойиҳаларда ишлаб чиқаришни бошлаш учун электр тармоғига уланиш ҳамда 1 200 метр масофада автомобиль йўлини таъмирлаш зарурлиги таъкидланиб, ҳудудий электр тармоқлари жамияти томонидан мазкур муаммони бартараф этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.

Тумандаги 9-сонли умумтаълим мактабида қўшимча 180 ўринли бино қуриш ва мавжуд биноларни капитал таъмирлаш белгиланган бўлсада, молиялаштириш масаласи ҳал этилмаганлиги, 4-сонли умумтаълим мактабида бинони реконструкция қилиш ишлари суст олиб борилаётганлиги, 3-сонли умумтаълим мактабини капитал таъмирлаш ишлари ҳали бошланмаганлиги кескин танқид қилиниб, масъул идора вакилларига қатъий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан туманда «Обод қишлоқ» ва «Обод марказ» дастурлари доирасидаги ишларнинг ижроси ҳамда қурилиш ва муҳандислик коммуникацияларини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш кўрсатиб ўтилди.

Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтган йиғилишда туман ҳокими Ғ.Мадаминов туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудга хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш борасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериб, мавжуд муаммоларни ўртага ташлади.

Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан туманда 2019−2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган 12 та саноат лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Туманнинг ижтимоий инфратузилмасини шакллантириш борасидаги ишлар ўрганилганида, мазкур ҳудудда давлат аҳамиятидаги ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларнинг маълум бир қисми капитал таъмирга муҳтож эканлиги алоҳида таъкидланди ва тегишли идора масъул ходимларига аниқ муддатлар белгиланган ҳолда топшириқлар берилди.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида туманнинг «Қоронкўл», «Алғабас» ва «Барраж» фуқаролар йиғинлари ҳудудларини ободонлаштириш, йўл-транспорт, электр-энергия ва муҳандислик коммуникация тизимини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бир қатор ишлар бажарилган бўлсада, ушбу ҳудудларда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топмаганлиги танқид қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ходимларга вазифалар юклатилди.

Паркент туманида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими Н.Муҳамедовнинг ахбороти тингланиб, кўтарилган ҳар бир масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят, туман ташкилотлари томонидан олиб борилган ишлар муҳокама қилинди ва зарур чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур туманда 2019−2022 йилларда саноатни ривожлантириш юзасидан умумий 32 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Туманда «Паркент бройлер» МЧЖ томонидан 120 млрд сўмлик лойиҳа асосида парранда гўшти ишлаб чиқаришга мўлжалланган комплексни ишга тушириш бўйича ушбу тадбиркорга туман ҳокимининг тегишли қарори асосида 4 га ер майдонини ажратиш масаласи ҳал этилмаган. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида ҳам маълум муаммолар мавжуд бўлиб, «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зонаси учун Паркентсой канали устига кўприк қуриш, «Паркент кичик саноат зонаси» ДУК учун оқава сув тармоғини тортиш зарурати мавжуд.

Ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш борасидаги ишларнинг бориши таҳлил қилинганида, тумандаги15 та мактабда лаборатория хоналари, 6 та мактабда фаоллар зали, 6 та мактабда спорт заллари ва майдончалари, 6 та мактабда қизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ўқув устахоналари, 30 та мактабда компьютер техникаси бўйича етишмовчилик мавжудлиги шунингдек, 49 та мактабда кутубхоналар янгиланиши лозимлиги маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан туман ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, йўл, сув ҳамда электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш бўйича аниқланган муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш юзасидан масъул ходимларга аниқ топшириқлар берилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир ҳудудда ўтказилган йиғилишларга хусусий тадбиркорлар ва инвесторлар таклиф этилиб, улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши, мавжуд муаммолар очиқ-ойдин айтилиб, масалаларга қонуний ечим топилди.

Ўтказилган барча йиғилишлар якунида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Ишчи гуруҳ аъзолари бўлган мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, вилоят ва туманларнинг тегишли корхона-ташкилотлари бошлиқлари ҳамда ҳудудий секторлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Қибрай, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида бошланган ишларни янада жадаллаштириш борасида тўртта сектор раҳбарлари фаол ва ташаббускор бўлиши, масъулият ва шижоат билан ишлаши шартлиги уқтирилди. Ишчи гуруҳ аъзоларига Инвестиция дастури, «Обод маҳалла» ва «Обод марказ» дастурларига киритилган объектлар бўйича ишларнинг боришини назорат қилиш, тасдиқланган жадваллар асосида қурилиш ишларини жойига чиққан ҳолда ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш вазифаси юклатилди.

Халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланиш жараёнида ҳар бир раҳбар, ҳар бир идора ва ташкилот ходими фаол иштирок этиши, шу юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаши зарурлиги алоҳида таъкидланди.