Қорақалпоғистонинг Мўйноқ туманидаги Судочье кўлида содир бўлган ёнғинда 278 гектар майдондаги қамишзорларга зарар етган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ёнғинлар 4 июль куни соат 15:30 атрофида Судочье кўллар тизимининг жануби-шарқий қисмидаги Қоратеренг бўлимида чақмоқ натижасида бошланган. Оролчалардан шамол натижасида атрофдаги қамишзорларга ҳамда қирғоқ бўйи минтақасига тарқалган.

Ёнғин кўл ўртасидаги оролчаларда юз бергани ва ёнғинга яқин боришга имкони бўлмагани сабабли ёнғинни ўчириш имкони бўлмаган. Чунки ёнғин бошланган майдонларда моторли қайиқ ёки оролчалар усти қамиш бўлиб таг қисми сувли ботқоқ бўлиб, одам кириб бориши мумкин бўлмаган.

Ҳодиса туфайли жами ёнган жами майдоннинг 111,2 гектари «Мўйноқ аквасаноат» корхонасига, 166,8 гектари эса «Судочье» орнитологик буюртмахонасига қарашли бўлган.

«Судочье» орнитологик буюртмахонаси ҳудуди ёввойи ҳолда яшовчи ондатра, ўрдак (бир неча турлари), ғоз, оққуш, бирқозон, қоравой, фламинго ва бошқа ҳайвонот дунёсига зарар етказилган ҳолат учрамади, дейилади хабарда. Чунки бу ерда яшовчи сувда сузувчи қушлар ва бошқа ҳайвонот турлари баҳор ойларида тухум қўйиб кўпаяди. Ҳозирги кунда эса полапонлар катта бўлиб, бемалол сувда сузиб юрадиган даражада ўсиб-улғайган.

Қамишзорларга ёнғин туфайли етказилган зарар жами 225,4 млн сўмни ташкил қилди. Ёнғин 6 июль куни соат 23:00 лар атрофида ўчган.