6−7 июль кунлари Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари Х. Ёдгоров ва Олий суд судьялари, вилоят суди раислари томонидан Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ва Термиз шаҳар халқ қабулхоналарида халқ билан очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўтказилди, дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz"га. Сайёр қабулда 108 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.

Шундан 23 нафар фуқаронинг шикоят аризаси назорат тартибида ўрганиш, 7 нафар фуқаронинг аризаси эса вилоят ва туманлараро судларида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди. 38 нафар фуқарога мурожаати юзасидан қонуний тушунтириш берилди. 40 нафар фуқаронинг муаммоси жойида ҳал қилинди: 6 нафар (1 аёл ва 5 эркак) жазони ўташ муассасидан озод қилиниб, оиласига қайтарилди. 34 нафар шахс аҳлоқ тузатиш иши, озодликдан чеклаш каби жазони ўташдан шартли равишда озод қилинди.

Бундан ташқари, сайёр қабуллар жараёнида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази ходимлари билан ҳамкорликда нотинч оилалар аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Очиқ мулоқотда оиланинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида тутган ўрни ҳақида батафсил тушунтириш берилди ва «Фарзанд омонат» ва «Ота» номли видеофильмлар намойиш этилди. Натижада 6 та низоли оила тикланди. Шунингдек, мурожаатчиларнинг алимент ундириш, болалар тарбияси ва уй-жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.