Илғор технологиялар маркази базасида Гемотология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти иштирокида ўзак ҳужайралар банкини яратиш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Банк реестри мамлакатдаги профилли тиббиёт муассасаларининг онкологик касалликлар, гемопоэз бузилишлари, нурланиш ва бошқа жиддий хасталиклардан азият чекаётган беморларга кўчириб ўтказиш (трансплантация) учун ўзак ҳужайралари намуналари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлади.

Хабарда қайд этилишича, келгусида илмий тиббиётнинг онкологик, нейродегенератив, ирсий ва юрак қон-томир хасталикларини даволашдаги ютуқлари ўзак ҳужайралари билан боғлиқ.

Сўнгги икки йил ичида Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти мутахассислари лимфома ва миеломадан азият чекаётган беморлар периферик қонидан илигига ўз соғлом ўзак ҳужайраларини транплантация қилиш бўйича жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказиб келмоқда. Бироқ ўткир лейкоз каби ҳолатларда беморларнинг ўз ўзак ҳужайралари шикастланган бўлади ва донорларга эҳтиёж вужудга келади.