Италиянинг Неаполь шаҳрида ўтказилаётган ёзги Универсиада ўйинларида Ўзбекистон делегациясига учинчи медални Диёра Келдиёрова тақдим этган бўлса, мутлақ вазн тоифасида иштирок этган полвон Давлат Бобонов ҳам универсиаданинг бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки босқичларда кореялик Мин Жонг Ким ва словакиялик Матей Хажасдан устун келган Бобонов чорак финалда қозоғистонлик Галимжан Крикбайга имкониятни бой бериб қўйди.

Бронза медали учун кечган ўтиш баҳсларида германиялик ҳамда польшалик полвонлардан устун келган спортчи учинчи ўрин учун озарбайжонлик Рустам Коцоевга қарши татамига чиқди.

Ҳал қилувчи баҳсни ишонч билан бошлаган Давлат машҳур дзюдочини дастлабки дақиқадаёқ иппон, яъни соф ғалаба ҳисобига мағлуб этиб, делегациямиз ҳисобига тўртинчи медални қўшиб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, делегациянинг универсиададаги дастлабки икки медалини ҳам дзюдо бўйича мураббий Абдукарим Тангриев шогирдлари Муҳаммадкарим Хуррамов (+90 кг) ва Ҳикматилло Тўраев (-73 кг) қўлга киритган эди.