5 июль куни Нукусда Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ва «Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» ўртасида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати. Ҳужжатда Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги мактабгача таълим ташкилот (кейинги ўринларда — МТТ)лари қуриш кўзда тутилган.

Битимни имзолаш маросими имконияти чекланган болалар учун «Имкон» реабилитация марказига эгабиринчи ихтисослашган МТТда бўлиб ўтди. Янги мактабгача таълим ташкилотлари Бухорода (250 ўрин), Қаршида (150 ўрин) ва Тошкент вилоятида (150 ўрин) қурилади.

«Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш — мактабгача таълим тизимидаги энг долзарб бўлиб турган масалалардан бири. МТВ вазиятни яхшилаш устида фаол иш олиб бормоқда: янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилмоқда, фаолият кўрсатиб турганлари таъмирланмоқда ва уларнинг қувватлари оширилмоқда, мактабгача таълим тизимига ўтган йилларда олиб қўйилган бинолар қайтариб берилмоқда. Биз бизнеснинг бугунги кунда болаларга ёрдам беришни хоҳлаётганидан жуда хурсандмиз. Лукойл компанияси шарофати билан вилоятлардаги яна 550 нафар бола сифатли мактабгача таълим олиш имконига эга бўлади. Бухородаги МТТ умумий турдаги ташкилот, бошқа икки МТТ эса — реабилитация марказларига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослашган ташкилотлар бўлади. Бу реабилитация марказлари, тарбияланувчилардан ташқари, ҳар йили соғломлаштириш муолажаларига муҳтож бўлган 5−7 минг болани қабул қилади», — дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Қарши ва Тошкент вилоятидаги лойиҳалар учун Нукусдаги «Имкон» реабилитация марказига эга ИМТТ прототип бўлиб хизмат қилади. Лойиҳада жисмоний ва ақлий ривожланиши ўзига хос болалар учун мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари бирлаштирилган. Янги МТТда замонавий даволаш-физкультура ва физиотерапия заллари, уқалаш хоналари, сенсор хоналари, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший адаптация, мусиқа ва арт-терапия хоналари, шунингдек врачларнинг кабинетлари жойлашади.

«Ўзбекистонда „Имкон“ реабилитация марказига эга биринчи ихтисослашган МТТнинг очилиш маросимида биз бундай мактабгача таълим ташкилотлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилишини ваъда қилган эдик. Бугун биз Лукойл билан битим имзоладик. У Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг алоҳида парваришга муҳтож болаларига эрта ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий-маданий муҳитга киритиш имконини беради. Уйда ўтириб қолмасдан, доим мулоқотда бўлиш, дунёни билиш, ривожланиш ва мослашиш имконияти — бу тўлақонли ҳаёт сари қўйилган биринчи қадам демак. Бунда бола саломатлигида чекланиш бўлсада, унинг имкониятлари чекланганмаган бўлиши даркор. Нукус шаҳрида „Имкон“ очилган вақтдан бор-йўғи уч ой ўтди, лекин биз ҳозирнинг ўзидаёқ натижаларни кўришимиз мумкин. Болалар анча бақувватлашиб, жонланиб қолди, кўп болаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда», — деди лойиҳа раҳбари Шахноза Мирзиёева.

Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ташаббуси «Лукойл» президенти Вагит Алекперов томонидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв билан жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган учрашувда таклиф этилган.

«Лукойл» Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданиятни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган фаол хайрия фаолиятини олиб боради. Бизнинг компаниямиз томонидан Ўзбекистондаги хайрия мақсадлари учун йўналтирилган маблағларнинг умумий суммаси бугунги кунда 13 млн. доллардан ортиқни ташкил этади. Янги учта мактабгача таълим ташкилоти қурилиши лойиҳасига биз 12 млн. АҚШ доллари йўналтиришни режалаштирмоқдамиз. Бухоро шаҳридаги МТТ Лукойл томонидан махсус ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича қурилади. «Биринчи бундай МТТ компания томонидан Россияда, Астрахань шаҳрида қурилган», — деди «Лукойл» Узбекистан Оперейтинг Компани" МЧЖ Бош директори Степан Гуржий.

Бухоро шаҳридаги МТТнинг умумий майдони 11 минг кв. метрдан ортиқ бўлган уч қаватли биноси ва ҳудуди энг замонавий техника ва ускуналар, бассейн, рақс ва спорт заллари, комьютер синфи, шунингдек гуруҳлар учун хоналар билан бутланади. Болаларнинг фаол ўйинлари ва спорт билан шуғулланиши учун ҳудудда велосипед йўлакчалари ва чим қопланган ва хавфсиз синтетик қопламали болалар майдончалари кўзда тутилган.