Жорий ва келгуси ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб жазирама иссиқ бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Ҳаво ҳарорати 8−10 июль кунлари кундузги соатларда +37…+40 даража атрофида, жануб ва чўл ҳудудларида эса +42 даражагача иссиқ бўлади.

Ундан кейин эса ҳаво ҳарорати кечаси +24…+27 даража, кундузи — +39…+42 даража, жануб ва чўл ҳудудларида кечаси +30…+32, кундузи — +43…+44 даражагача иссиқ бўлиб, ёз ўртаси учун кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан 5−7 даража юқори ҳарорат қайд этилади.

Синоптиклар 2018 йил июлида Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудлари, шу жумладан Тошкентда метеоролик кузатувлар тарихида энг иссиқ ҳарорат кузатилганини эсга олди. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида янги ҳарорат рекордлари ўрнатилган эди.

Тошкентда ўтган йилнинг июлида энг юқори ҳарорат +43 даражага етган эди. Метерологик кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳаво ҳарорати эса 1997 йилнинг 18 июль куни қайд этилган. Ўшанда ҳарорат +44,6 даражани ташкил этган.