2022 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳолини умуммиллий рўйхатга олишни ўтказиш режалаштириляпти. Президентнинг февралдаги фармонига мувофиқ, тегишли идоралар халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. 1 июлга қадар жараёндан кўзланган мақсадлар, унинг тартиби, муддатлари, методологияси, молиялаштирилиши, шунингдек, бошқа ташкилий-амалий чораларни назарда тутувчи «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди.

Рўйхатга олиш концепцияси тўғрисидаги Президент фармонида қайд этилганидек, аҳолининг муҳофазага муҳтож қатламлари, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳақидаги ҳаққоний статистик ахборот самарали ижтимоий сиёсатни амалга ошириш учун муҳим пойдевор ҳисобланади ва ижтимоий муҳофаза соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришга асос бўлиб хизмат қилади.

Бизда тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК)нинг ногиронлик бўйича пенсия ва ижтимоий нафақа олувчи сифатида рўйхатга олинганлар сонига доир маъмурий маълумотлари ҳозирга қадар ногиронлик ҳақидаги асосий ахборот манбаси бўлиб хизмат қилмоқда. Ногиронликни баҳолашга бундай ёндашув ҳисобга олишнинг ариза беришга асосланганлиги, бюрократия ва тизимдаги коррупция эҳтимоли, нафақа олишга фақат «муносиб» номзодлар танлаб олиниши, ногиронликнинг медикализацияси ва муаллиф томонидан аввал батафсил кўриб чиқилган бошқа омиллар сабаб хато бўлиши мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахслар сони аслида қанча?

БМТнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО)нинг 2015 йилги ҳисоботида Ўзбекистон аҳолисининг атиги 1,3 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этиши қайд этиб ўтилган ва бу собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари орасидаги энг паст кўрсаткич сифатида кўрсатилганди. ЭСКАТО ҳисоботидаги маълумот манбаси сифатида Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (ҳозирги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги)нинг Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чоралар таҳлили ва мониторинги бўлими кўрсатилган.


Манба: Ногиронликнинг қисқача таҳлили (2015): Осиё-Тинч океани минтақаси ногиронлари бандлиги истиқболининг ижобийлашуви.

Қозоғистон билан таққослайдиган бўлсак, аҳолиси икки баробар кам бўлгани ҳолда ногиронлиги бўлган шахслар сони 674,2 минг кишини ташкил этади, бизда эса расман 650,3 минг киши ногиронлиги бор киши сифатида рўйхатга олинган. Сўнгги беш йилда Қозоғистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 7,5 фоизга кўпайган, бизда эса, агар расмий статистикага ишонадиган бўлсак, уларнинг сони аста-секин камаймоқда.

Ўзбекистон ногиронлари уюшмаси раиси Ойбек Исоқов ушбу статистик нонормаллик юзасидан фикр билдираркан, шундай хулоса қилади:

«Иккисидан бири: ё бизда ногиронликни ўз вақтида аниқлаб, Қозоғистондагидан кўра самаралироқ профилактика ва юқорироқ даражада тиббий реабилитация чоралари кўрилмоқда, ёки бизда ногиронлиги бўлган шахслар орасида ўлим даражаси жуда юқори. Бироқ бизда тиббиёт яхшироқ экани ва ҳаммани бирма-бир даволаб, „соғлом“ қилиб қўйиш мумкинлигига ишониш — жуда қийин».

Халқаро ташкилотлар, айниқса БМТ тузилмалари ногиронликнинг 10 фоиздан кам тарқалганига доир маълумотларга шубҳа билан қарайди, чунки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ногиронлик бўйича бутунжаҳон ҳисоботи маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизга яқини бирор бир кўринишдаги ногиронликдан азият чекади. У ҳолда нима учун ижтимоий муҳофаза ва ногиронликни ҳисобга олиш тизими у ёки бу даражада ўхшаш мамлакатларнинг ногиронлик даражасидаги рақамлари ўртасидаги фарқ бу қадар катта?

ҲҲКга қарши ТМЭК

Аввал таъкидланганидек, организм функцияларининг энг жиддий чекловларидан азият чекаётган болалар ва катталар тўғрисидаги асосий статистик маълумотлар инсоннинг ногиронлигини расман тан олиш мақсадида мунтазам текширувларни амалга оширувчи ТМЭК томонидан тақдим этилади.

ТМЭК тиббий-ижтимоий экспертиза жараёнида соғлиқ ва ишчанлик қобилиятини йўқотганликни аниқлаш мақсадида асосий эътиборни инсоннинг бутун организмини кўрикдан ўтказишга қаратади. Натижада ногиронлик гуруҳи белгилангани ҳақида хулоса ҳамда эҳтимолий меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароити, ташқи парвариш эҳтиёжлари, тегишли кўринишда даволаниш ва ижтимоий ҳимоя бўйича тавсиялар берилади.

Ногиронликни рўйхатга олишнинг амалдаги тизими ногиронликнинг фақат тиббий жиҳатларини инобатга олади ва уни жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор бузилишлар оқибатида юзага келган ҳаёт ёки меҳнат фаолияти чеклашларига тенглаштиради. Бироқ фақат тиббий нуқтаи назар билан эътиборни биргина инсон организмига қаратиш билан биз ногиронликнинг инсон ҳаракатига таъсир кўрсатадиган ижтимоий жиҳатларини унутиб қўйяпмиз.

Хорижда кўпдан бери ногиронликни кенгроқ — биопсихоижтимоий тушуниш амалиёти қўллаб келинмоқда, у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2001 йилда ишлаб чиқилган Ҳаракат, ҳаёт фаолияти ва саломатлик чекловларининг халқаро классификацияси (ХҲК) асосан белгиланади. ХҲК ногиронликни шундай белгилайди:

«Барча бузилишлар, фаоллик чекловлари ва иштирок имконияти чекловларига тааллуқли умумий атама. У индивид (саломатлиги ўзгарган) ва ушбу индивид контексти омиллари (атроф-муҳит омиллари ва шахсий омиллар) ўртасидаги муносабатларнинг салбий жиҳатларини кўрсатади».


Манба: ХҲК, Женева, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, 2001 йил.

ХҲКда учта даража бор: организм — инсон — жамият. Яъни, ногиронлик шу даражаларнинг бирида ёки бир нечтасида юзага келиши мумкин. Масалан, Тошкент барча тоифадаги ногиронлиги бор инсонлар учун лозим ва мақбул шароитларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилганида эди, бу одамлар «ногирон» бўлмас ҳамда шаҳар бўйлаб мустақил равишда ҳаракатлана олган ва ижтимоий ҳаётда иштирок этган бўларди. Шундай қилиб, ХҲК бўйича:

«Ногиронлик энди индивиднинг атрибути эмас, аксарияти ижтимоий муҳит таъсирида шаклланадиган шароитларнинг комплекс бирикмасидир».

Шунга қарамай, ногиронликни рўйхатга олиш бўйича бизнинг тизимимиз фақат биринчи даражага — организмнинг яққол функциялари ва тузилмаларига эътибор қаратади, ТМЭКдагиларнинг фикрича, айнан шу жиҳатлар фаоллик ва иштирок чекловига сабаб бўлади. Айни вақтда инсоннинг ҳаёт фаолиятини чеклашга таъсир қилиши мумкин бўлган контекстуал ва шахсий омиллар ҳисобга олинмайди.

Боз устига, яқинда Олий Мажлис депутатлари қайд этиб ўтганидек, ортиқча бошоғриқларининг кўплиги, кўплаб ҳужжатлар зарурлиги, тиббиёт муассасаларида ўринларнинг етишмаслиги, шунингдек, ногиронликни расмийлаштириш учун моддий имкониятнинг йўқлиги боис кўплаб шахслар ногиронлик гуруҳисиз қолиб кетмоқда. Ногиронлик гуруҳини расмийлаштирмаган шахслар эса статистикага киритилмайди ва уларга ижтимоий кўмак кўрсатиши керак бўлган муассасалар эътиборидан четда қолади.

Ногиронликни тиббий англашдан биопсихоижтимоий англашга ўтиш ногиронликни белгилаш ва уни ҳисоблаш методологиясини, шунингдек, ногиронликни ҳисобга олиш жараёнини ҳам сезиларли ўзгартиради. Бу эса ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга нисбатан ижтимоий сиёсатни бутунлай ислоҳ қилишга, эътиборни фақат тиббий реабилитация ва организмнинг йўқотилган функцияларини қайта тиклашга эмас, балки инклюзия томон бурилиб, универсал дизайнни ҳисобга олиб мақбул шароитлар яратишга туртки бўлади.

Рўйхатга олиш бизга нима бериши мумкин?

Аҳолини рўйхатга олиш асосида олинган ахборот ХҲКнинг ногиронлик тўғрисидаги нисбатан кенгроқ тушунчасига асосланиши керак. ХҲКнинг учта асосий жиҳати — организм тузилиши ва функциялари, фаоллик ва иштирокка эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. ХҲКнинг қолган таркибий қисмлари уй хўжаликларини кейинги тадқиқ этишларда — аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари бўлажак тадқиқотлар учун яхши бошланғич база вазифасини бажариши мумкин бўлганидан сўнг киритилиши мумкин.

БМТнинг «Аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш бўйича тамойил ва тавсиялар» нашрида қайд этилишича, ногиронлик масалалари бўйича махсус танлаб олинган ўрганишлар ўтказилмаган мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш ногиронликнинг тарқалган даражаси тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаси бўлиши мумкин. Рўйхатга олиш маълумотлари ногиронликнинг энг жиддий кўринишлари бўйича ногиронлик нафақасини олаётганлар ҳақидаги ТМЭК маълумотларини тўлдириши мумкин.

БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясига кўра, ногиронлик статистикаси маъмурий маъулмотлар, умумий (рўйхатга олиш) ва танлаб олинадиган ўрганишларга асосланиши керак.

Масалан, Буюк Британияда маъмурий маълумотлар тўпланади, эълон қилинади, бироқ ногиронликнинг тарқалганлик даражасини баҳолашда камдан-кам фойдаланилади. Ногиронлик кўрсаткичларини ҳисоблаш учун инглизлар аҳолини рўйхатга олишга функционал мақомга доир махсус саволларни киритади. Бундан ташқари, улар Family Resources Survey ва Life Opportunities Survey каби махсус танлаб ўтказиладиган сўровларни мунтазам ташкил этади.

Яқин вақтгача мамлакатимизда ногиронлиги бўлган аҳолини махсус танлаб ўрганишлар ўтказилмаган. Истисно тариқасида 2018 йил май-июнь ойларида Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ кўмагида ўтказилган ва 4000 уй хўжалигини қамраб олган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» миллий ўрганишини кўрсатиш мумкин. Ушбу ўрганишга БМТнинг ногиронлик статистикаси масалалари бўйича Вашингтон гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ногиронлик бўйича қисқа саволлар тўплами ҳам киритилган эди.

Вашингтон гуруҳининг тўплами одамларнинг кундалик ҳаётдаги турмуш тарзи даражасини баҳолаш учун олтита стандарт ва оддий саволларни ўз ичига олади:

  1. Инсон кўзойнак тақса ҳам кўришда қийинчиликка дуч келадими?
  2. Инсон эшитиш аппаратидан фойдаланса ҳам, эшитишда қийинчиликка дуч келадими?
  3. Инсон юриш ёки кўтарилишда бирор бир қийинчиликка дуч келадими?
  4. Инсон эслаб қолиш ёки диққатни жамлаш борасида қийинчиликка дуч келадими?
  5. Инсон чўмилиш ёки кийиниш каби ўз-ўзига хизмат кўрсатишда қийинчиликка дуч келадими?
  6. Инсон мулоқотда, масалан, бошқани англаш ёки уни англашларида қийинчиликка дуч келадими?

Ушбу саволларнинг ҳар бирига жавоб бериш учун тўртта стандарт жавоб вариантлари таклиф қилинади:

  1. Йўқ, ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайман
  2. Ҳа, айрим қийинчиликлар бор
  3. Ҳа, кўплаб қийинчиликлар бор
  4. Умуман қила олмайман

«Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» тадқиқотининг натижалари сўровномада қатнашган 3 ёш ва ундан катта аҳолининг 13,5 фоизи олти функционал хусусиятларнинг ҳеч йўғи биттасида «айрим қийинчиликлар"га дуч келишини кўрсатган. Респондентларнинг 3,5 фоизи олти саволнинг ҳеч бўлмаса биттасида «кўплаб қийинчиликлар"га дуч кел келишини билдирган. Агар ногиронлик бўйича ижтимоий нафақа оладиган фуқаролар сони ҳақидаги маъмурий маълумотлар билан таққосласак, унда расман аҳолининг 2 фоиздан камроғи ногиронлик мақомига эга экани кўринади.

Агар 2022 йилги аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ногиронлик бўйича пенсия олиш-олмаслик ҳақидаги битта савол киритилса, олинган маълумотлар ҳақиқий аҳволни кўрсатиб бера олмайди. Рўйхатга олишга Вашингтон гуруҳининг ҲҲКнинг концепциясига мувофиқ келадиган ва аҳолининг ногиронлик даражасини ҳаққоний баҳолашга ёрдам берадиган тавсия этилаётган саволлар рўйхатини киритиш зарур. Ушбу саволлар тўпламининг рўйхатга олишни ўтказишга киритилиши ногиронлиги бўлган шахсларнинг турли соҳалар — таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш ва ҳоказолар бўйича ижтимоий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш имконини ҳам тақдим этади.

Биз ҳақимиздаги рўйхатга олиш бизнинг иштирокимизсиз ўтадими?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 августдаги фармойишида республикада ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими йўқлиги ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилишга халал бераётгани қайд этиб ўтилган эди. Бу Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги фармонида ўз аксини топди — унда Давлат статистика қўмитаси ва манфаатдор вазирликлар, идоралар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятларига БМТТД, ЮНИСЕФ, ЮНФПА билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт фаолиятининг барча соҳаларини статистик ҳисобга олишнинг тўлақонли тизимини ташкил этиш масъулияти юклатилди.

Айнан аҳолини рўйхатга олиш формати турли кўринишда ногиронлиги бор фуқароларнинг демографик ва ижтимоий хусусиятларини тўлақонли ҳисобга оладиган мана шундай тизимини яратиш учун яхши имконият ҳисобланади. Маъмурий маълумотлар нафақа олувчилар, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ёки болалар уйлари тарбияланувчилари сони ҳақида қуруқ ахборот беради ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги самарали сиёсатнинг зарур йўналишларини белгилашга халал беради.

Биргина: «Ногиронлиги бор қанча одам рўйхатга олинган?», деган саволга жавоб олишнинг ўзи етарли эмас. «Ким, қандай қилиб ва кундалик ҳаётда қандай тўсиқларга дуч келмоқда?», деган саволларга ҳам жавоб олиш муҳим. Шундай маълумотларни қўлга киритиб ва таҳлил қилиш орқали биз ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятимизга қўшилиши (инклюзияси) жараёни қайси босқичда эканини аниқлашимиз мумкин.

Бироқ ногиронлиги бўлган одамларнинг жамоат ташкилотлари 2022 йилги аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ҳатто тайёргарлик босқичида ҳам қарорларни муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнига жалб этилмаяпти. Халқаро экспертларни жалб этган ҳолда Давлат статистика қўмитаси, БМТнинг Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА) билан ҳамкорликда 31 май куни ташкил этилган давра суҳбатига ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилмади.

Ногиронлик ҳақидаги саволларни рўйхатга олишни ўтказишга киритиш нима учун муҳим аҳамиятга эга?

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ногиронлик бўйича саволлар блокини киритиш ва бунинг натижасида олинган маълумотлар ижтимоий дастурлар ва мамлакатдаги ногиронликнинг реабилитацияси, унинг турли жиҳатларини мониторинг қилиш соҳаларидаги хизматларни режалаштириш, шунингдек, арзон уй-жой, муносиб иш ўринлари, транспорт, мақбул шароитлар, атроф-муҳит ва ҳоказолар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган давлат дастурларининг самарадорлигини баҳолаш учун ҳам зарур.

Масалан, бундай маълумотлар, жумладан, ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни мунтазам аниқлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш мажбуриятини юклайдиган «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги қонунни имплементация қилишга ёрдам берган бўларди. Шунингдек, бундай маълумотлардан ногиронликнинг тарқалганлик даражасига доир халқаро таққослаш мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин бўларди.

Ногиронликка доир халқаро қиёсий маълумотлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибига эришиш йўлидаги ўсишни ҳисоблаб бориш ва мониторингини юритиш учун зарур. Ногиронлик Барқарор ривожланишнинг бешта — сифатли таълим, муносиб иш ва иқтисодий ўсиш, тенгсизликни қисқартириш, барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойларини ташкил этиш, шунингдек, барқарор ривожланиш йўлида шериклик мақсадларига киритилган. Сўнгги, 17-мақсад иштирокчи-мамлакатларга шундай мажбурият юклайди:

«2020 йилгача ривожланаётган мамлакатлар салоҳиятини ошириш мақсадида… даромадлар даражаси, жинси, ёши, ирқи, миллати, фуқаролиги, миграцион мақоми, ногиронлиги, географик жойлашуви ва миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда аҳамиятли бўлган бошқа характеристикалари бўйича тақсимланган юқори сифатли, долзарб ва ишончли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини жиддий равишда кўпайтириш».

Шуниси аҳамиятлики, ногиронлик ҳақидаги тақсимланган статистик ва тадқиқот маълумотларини лозим даражада тўплаш БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси тамойилларини назорат қилиш ва амалга оширишнинг асоси ҳисобланади.

Ўзбекистон яқин келажакда Конвенцияни ратификация қилади ва шу боис биз ҳозирданоқ ногиронлиги бор одамлар ҳақидаги тўлақонли ва янгиланиб туриладиган маълумотлар омборини ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш даражаси ҳамда турли демографик ва ижтимоий-иқтисодий характеристикалари ҳақида бош қотиришимиз керак.

Ва ниҳоят, бундай маълумотлар тадқиқотчиларга ногиронлиги бор болалар ва катталарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни академик таҳлил қилиш, шунингек, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокига халал бераётган имкониятлар тенгсизлигига баҳо бериш имкониятини тақдим этган бўлур эди. Режалаштирилаётган аҳолини рўйхатга олиш, шунингдек, махсус танлаб ўтказиладиган ўрганишлар маълумотларни комплекс ҳисобга олиш ва тўплаш бўйича қўйилган барча мақсадларга эришишнинг энг мақбул йўли сифатида кўрилмоқда.

БМТнинг «Ҳеч кимни борт ортида қолдирмаслик» тамойилига амал қилган ҳолда, биз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнида ногиронлиги бўлган одамларни аҳолини рўйхатга олиш «бортидан ташқари"да қолдирмаслигимиз ва уларни лозим даражада ҳисобга олишимиз керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.