10 июлдан Тошкентдаги бир неча бозорлар яқинида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилишини қайд этувчи автоматлаштирилган фото- ва видеокамералар иш бошлайди, дея хабар қилди Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Ҳозирда «Абу-Сахий», «Бек Топи», «Ипподром» ва «Ўрикзор» бозорлари йўлларида автоматлаштирилган тизим ўрнатилган. Матбуот хизмати хабарига кўра, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши нуқтаи назаридан пойтахт бозорлари энг муаммоли жойлар ҳисобланади.

Фақатгина Чилонзор туманида Тошкент халқа автомобиль йўлининг ўзидаёқ 3.27 белгисини (тўхташ тақиқланади) менсимаганларни қайд этишга мўлжалланган 4 та стационар автоматлаштирилган камера ўрнатилган. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади, дея қайд этди матбуот хизмати.

Ўрнатилган камералар 360 даражага ўгирила олади. Автомобиль мумкин бўлмаган жойда тўхтагач, видеокамера автомат тарзда (инсон аралашувисиз) вақтни ва «қоидабузар» автомобилнинг давлат рақамини қайд этади. Маълумотлар онлайн-тарзда базага йўналтирилади, у ерда эса AutoCon-SC/M дастурий таъминот жарима солиш бўйича қарорни шакллантириб, уни «Ўзбекистон почтаси"га қоидабузарга жўнатиш учун йўллайди.

Хатда жаримани 60 кунлик муддат ичида тўлаш зарурлиги, ушбу муддат тугагач, тизим хатга бириктирилган квитанцияни автомат тарзда тўсиб қўйиб, жарима тўланмаганлиги тўғрисидаги маълумотни Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюросига (МИБ) жўнатади. МИБ, ўз навбатида, транспорт воситаси эгасининг номига расмийлаштирилган мулкка тақиқ қўяди. Ушбу санкциялар қоидабузар-автомобиль эгасига олди-сотди келишувларини олиб боришга йўл қўймайди. ЙҲҚни бузганлик учун жаримани ўз вақтида тўламаслик ҳам қўшимча моддий ҳаражатларга олиб келади.

ИИББ матбуот хизмати 3.27 белгиси остида автомобилни тўхтатиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−6-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 3 бараваригача (608 190 сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтди.