Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида қишлоқ хўжалик муаммолари бўйича етакчи иқтисодчи Сергий Зоря Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни тавсифлади.

Ўзбекистон ЯИМнинг 32 фоизини ташкил қилиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизини иш билан таъминловчи қишлоқ хўжалиги самарали давлат сиёсати шароитида мамлакат иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири бўлиши мумкин. Мазкур сиёсатнинг самарали амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ҳамда фермерлар ва агроташкилотлар даромадлари ошади, қишлоқ жойларда минглаб янги иш ўринлари яратилади. Бу ерларда яшаш даражаси кўтарилади, бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари аҳоли учун арзонроқ бўлади ва мамлакат ишончли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлай олади.

Бироқ қишлоқ хўжалигини рақобатбардош, шунингдек хусусий сектор, аҳоли ва давлат манфаатлари учун хизмат қиладиган соҳага айлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф қилиш керак. Жаҳон банки таҳлиллари ҳозирги кунда мазкур мақсадга эришишнинг беш асосий муаммоси мавжуд эканлигини кўрсатади. Бу мақолада мазкур муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўлида давлат томонидан олиб борилиши мумкин бўлган эҳтимолий чора-тадбирларни кўрсатишга ҳаракат қилдим.

1. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни мувозанатлаш лозим

2018 йилда Ўзбекистоннинг 70 фоиз экин майдонлари пахта ва буғдой етиштириш учун ишлатилган. Охирги бир неча йилларда баъзи ер майдонлари пахта ва буғдой етиштиришдан чиқарилди. Лекин қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда унумдорликни ошириш учун ҳозирги кунда мазкур икки маҳсулот экиш учун ишлатилаётган қўшимча майдонлардан кейинчалик бошқа янада фойдали экинларга, хусусан, мева ва сабзавотлар экиш учун фойдаланиш лозим.


Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон пахта ва буғдой майдонларини қисқартириш, масалан уларни 50 фоизгача камайтириш қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг 51 фоизга, қишлоқ хўжалигида бандликнинг 16 фоизга, сув тежамкорлигининг 11 фоизга ошишига олиб келади.

Мазкур ерларни янада даромадли экинлар экишга қанчалик тез ўтказиш керак? Бу жараён босқичма-босқич бўлиши ва қўшни тармоқлардаги ўзгаришлар билан уйғунлаштирилиши лозим. Масалан, мева ва сабзавот етиштириш учун ерни қайта тақсимлаш давлатнинг ичида ва унинг божхона чегараларида агрологистикани такомиллаштириш билан бир вақтда содир бўлиши зарур. Бу, ўз навбатида, тез айнийдиган мева-сабзавот маҳсулотларини фермерлардан маҳаллий истеъмолчиларга ва халқаро бозорга тезкор равишда етказишни таъминлайди.

Акс ҳолда мева ва сабзавотларни қайта ишлаб чиқаришдан олинган фойда буғдой ва пахта сотишдан олинган фойдадан кам бўлиб қолади.


2. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ошириш керак

Ўзбекистонда пахта, буғдой, помидор, картошка, сут ва бошқа маҳсулотларнинг ўртача ҳосилдорлиги уларнинг реал имкониятларидан анча паст. Бу кўрсаткични ошириш нафақат фермер хўжалиги ва агроташкилотлар фойда ва экспортларини оширади, балки ҳозирги кунда буғдой ва пахта билан банд қилинган майдонларни янада фойдали экинлар учун фойдаланишга топшириш имкониятини ҳам яратади.

Ўн йиллар давомида илмий тадқиқотлар ва хизматлар тақдим этилишининг етарлича молиялаштирилмаслиги ҳамда секторни ривожлантириш учун зарур бўлган хизматларни етарлича кўрсатилмаганлиги каби масалалар ҳал қилиниши лозим. 2018 йилда Ўзбекистон ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти даромадининг фақатгина 0,02 фоизини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги изланишларга сарфлнади. Шу билан бирга, ҳозирги кунда маҳаллий фермерлар учун ахборот-консултатив хизматлар мутлақо мавжуд эмас.

Таққослаш учун, муваффақиятли қишлоқ хўжалигига эга бўлган ўрта даромадли мамлакатлар қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг 1 фоизини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотларга учун сарфлайди, кўп даромадли мамлакатлар эса ўртача 2,5 фоиз сарфлайди.


3. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун экспорт имкониятларидан максимал фойдаланиш керак

2018 йилда Ўзбекистон агро озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қиймати бор-йўғи 1,3 млрд долларни ёки ҳар гектар маҳсулдор ерга нисбатан 330 долларни ташкил қилди. Таққослаш учун, ўша йили Вьетнам 40 млрд долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотини экспорт қилган. Бу давлатнинг экспортдан олган фойдаси ҳар бир гектар маҳсулдор ерга 6100 долларни ташкил қилади.

Жаҳон савдо ташкилоти таркибига кириш учун ҳукумат томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳот ва чора-тадбирлар Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хусусан мева-сабзавотларни жаҳоннинг кўпчилик мамлакатларига экспорт қилиш имконини беради.

Мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий масалалардан яна бири — экспорт томонидан тақдим этиладиган имкониятларни амалга оширишда меҳнат ресурсларининг кенг миқёсда иштирок этишини таъминлаш заруриятидир. Ҳозирги кунда мева-сабзавот маҳсулотларининг 60 фоизи катта бўлмаган деҳқончилик хўжаликлари ва уй-жой участкаларида етиштирилмоқда. Лекин уларнинг экспортга йўналтирилган қўшимча даромадли маҳсулот ишлаб чиқариш занжиридаги иштироки ҳозирча паст бўлиб қолмоқда.

Қишлоқ хўжалик кооперативларининг агробизнес ва экспортчилар билан кооперацияси ва ҳамкорлигини рағбатлантириш бўйича давлат дастурлари ёрдамида юқорида кўрсатилган ишлаб чиқарувчиларнинг мазкур занжирлар билан интеграциялашуви ишлаб чиқариш қобилиятларини ривожлантиришга ҳамда кичик деҳқон ва хусусий мулкдорлар бизнесининг рентабеллигини оширишга ёрдам берган бўлар эди.

Агар деҳқон хўжаликларининг эҳтиёжларига эътибор қаратилмаса, қишлоқ хўжалиги экспорти фақат кичик фермерлар ва агроташкилот гуруҳлари учун янги имкониятларни яратади ва мазкур фермерлар гуруҳининг инклюзив иқтисодий ривожланиши учун ажойиб имконият қўлдан бой берилади.

4. Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш учун бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш керак.

2018 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун давлат харажатлари ЯИМга нисбатан 1,8 фоизни ташкил этди (2016 ва 2017 йилларда ЯИМнинг 2 фоизини ташкил этган эди).

Бошқа давлатлар қишлоқ хўжалигига ЯИМнинг нисбатан кичикроқ улушини ажратадилар. Ўрта даромадли мамлакатлар ЯИМнинг ўртача 0,6 фоизини сарфлайди, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) юқори даромадга эга мамлакатларида ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида маблағ ажратилади. 2018 йилда Қозоғистон қишлоқ хўжалигига ЯИМнинг 0,8 фоизини, Вьетнам эса 0,5 фоизини сарфлади. Хатто йигирма йил аввал ҳам ўрта даромадли мамлакатлар камбағал бўлганида, уларнинг қишлоқ хўжалик бюджетлари ЯИМга нисбатан 1,3 фоиз ни ташкил қилар эди.

Давлат харажатлари юқори даражали бўлишига қарамасдан, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ҳали юқори самарадорликни намойиш эта олмайди. Мисол учун, 2018 йилда қишлоқ хўжалиги нолдан бироз юқори ўсишни кўрсатди.

Мазкур рукндаги давлатга қаратилган чақириқ шундан иборатки, узоқ муддатли истиқболга эга тармоқни ривожлантиришга қаратилган бюджет ҳаражатларини камайтириш учун қисқа ва ўрта муддатли истиқболга эга қишлоқ хўжалигини давлат томонидан молиялаштириш ҳажмини ошириш керак. Бунда асосий эътиборни бюджет маблағларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш самарадорлигига қаратиш зарур.

Масалан, ҳозирги кунда бюджет маблағларининг катта қисми ерларга суғориш сувларини чиқариб бериш учун талаб этиладиган электр энергиясига, сувни пахта ва буғдой ишлаб чиқарувчиларига еткизадиган ирригация тизимини бошқариш ва эксплуатация қилишга сарфланади. Шу билан бирга, суғориш ва мелиорация инфратузилмаларини модернизация қилиш учун жуда оз маблағ сарфланади. Бу шуни англатадики, қисқа муддатда ҳукуматнинг диверсификацияланган қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига хизмат қилиш учун ушбу инфратузилмаларни модернизация қилишга кўпроқ маблағ ажратилиши талаб қилинади.


Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун ўта муҳим бўлган кўплаб давлат дастурлари ҳар доим маблағ билан тўлиқ таъминланмай келган. Мазкур дастурларга қишлоқ хўжалигининг амалий тадқиқотлари, билимларни тарқатиш, қишлоқ хўжалик фанларидан таълим олиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини ривожлантириш, ветеринария ва фитосанитария хизматлари, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш (қишлоқ хўжалиги кооперативлари, кластерлар, самарали шерикчилик муносабатлари), статистик ва бозор маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш, бозор инфратузилмаси ва агрологистикасини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сиёсатни таҳлил қилиш, ходимлар малакасини ҳар қандай даражага ошириш ва мониторинг қилиш кабилар киради. Келгусида ушбу дастурлар давлат маблағларининг катта миқдорини талаб этиши мумкин.

Ўзбекистон учун яхши хабар шундаки, мамлакат буғдой ва пахта учун давлат нархининг пастлиги ҳисобига фермерларни солиққа тортишни бекор қилиш орқали давлат харажатларининг самарадорлигини тезда ошириши мумкин. Ўзбекистон асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган ички нархлари халқаро даражадан паст бўлган дунёдаги кам сонли мамлакатлардан бири саналади. Кўпгина давлатларда вазият бутунлай тескари. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилда пахта ва буғдой нархларининг пасайиши ҳисобига ўзбек фермерлари ялпи ички маҳсулотнинг 1,7 фоизини йўқотдилар. Натижада фермерларда ҳосилдорликни оширишга рағбат бўлмайди.

5. Фермер хўжаликларининг ерга эгалик қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш керак

Деҳқон хўжаликлари (кичик деҳқонлар) нинг ерга эгалик қилиш ҳуқуқлари қонуний ҳимояланган. Бу моддий-техник ресурсларга кўпроқ пул тўлашлари, ўзларининг кичик ер майдонларида ишлаб чиқаришни механизациялаш қийин бўлса ҳам, нима сабабдан кичик деҳқон хўжаликларида йирик фермер хўжаликларидагига нисбатан ҳосилдорлик ўртачадан юқори эканлигининг асосий сабабларидан биридир.

Шу билан бирга, бир қатор сабаблар билан ва исталган вақтда йирик фермерлар давлатдан ижарага олинган ерларни йўқотиши мумкин. Бу фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш, экинларни жойлаштириш режасини бажармаслик ёки пахта ва ғалла ҳосилини давлат режасига риоя қилмаслиги туфайли содир бўлиши мумкин, бу масъулият маҳаллий ҳокимият органларига юкланган.

Фермер хўжаликлари фаолиятини назорат қилишнинг ушбу эскирган тизими уларнинг ривожланишлари учун ҳалокатли даражада зарарли бўлиб, фермерларнинг маҳаллий ҳокимиятлардан фойдаланиш учун олган ерларга сармоя киритишга бўлган рағбатини сўндиради. Бугунги кунда давлат томонидан маҳсулдорликка қарши хизмат қилаётган мазкур амалиётдан воз кечиш зарур. Ушбу чоралар собиқ Совет Иттифоқининг бутун ҳудудида, шунингдек, кўп йиллар олдин Хитой ва Вьетнамда амалга оширилар эди.

Хитой ва Вьетнам тажрибаси фермерларни рағбатлантиришга ёндашувни қандай ислоҳ қилиш кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу мамлакатларда давлат буюртмаси тизими аллақачон бекор қилинган, бироқ бу қишлоқ хўжалигининг барбод бўлишига олиб келмади. Бу ерда стратегик экинларнинг бир қисмини ишлаб чиқариш экинларни жойлаштириш тизимлари, фермерларга тўғридан-тўғри бюджет тўловлари ҳамда ҳосилдорликни ошириш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, шунингдек уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялашга қаратилган тегишли давлат дастурлари ҳисобидан рағбатлантирилади. Мазкур ёндашув Ўзбекистондаги мавжуд пахта ва буғдой тайёрлаш бўйича давлат режасини қўллаб-қувватлаш тизимларидан фарқ қилади.


Фермерлар ўзларининг ерга бўлган ҳуқуқи дахлсиз эканига тўлиқ ишонмас экан, улар меҳнат самарадорлигини ошириш ҳамда маҳаллий ҳокимият фойдаланишга тақдим этилган ерлар ҳосилдорлигини яхшилашга сармоя киритмайди.

Албатта, юқорида санаб ўтилган вазифалар ва чақириқлар рўйхати етарлича кенг қамровли кўриниши мумкин. Бироқ уларнинг ечимлари тўла ҳаётий бўлиб, қишлоқ хўжалигини модернизация қилишни тезлаштириш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек мамлакат иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар учун ўта муҳим.

Айни вақтда ишлаб чиқилаётган 2019−2030 йилларда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш миллий стратегияси мазкур соҳада Жаҳон банки Гуруҳи ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланишга тайёр бўлган ислоҳотларни амалга ошириш учун асосий ҳужжатга айланиши лозим. Унинг қабул қилиниши ва кейинчалик ҳукумат томонидан амалга оширилиши юқорида тилга олинган чақириқларни мамлакатни ривожлантириш ва Ўзбекистон халқи фаровонлигини ошириш учун иқтисодий имкониятларга айлантиришга замин яратади.

Муаллиф фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Мақолада Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги фермер ва деҳқон хўжаликларида олинган фотосуратларидан фойдаланилди.