Давлат хавфсизлик хизматнинг хорижий ҳамкорлар билан олиб борган сайъ-ҳаракати туфайли тўрт бола — Ўзбекистон фуқаролари фарзандлари Афғонистондан Ватанга қайтарилди, дея хабар қилди ЎзА. Уларнинг ота-оналари «Туркистон ислом ҳаракати» террористик ташкилоти сафида бўлган.

1982 йилда Андижон вилоятида туғилган Фарҳод Ҳамроқулов дастлаб ишлаш учун Россияга кетади. Кейинроқ турмуш ўртоғи Раъно Ҳамроқулова (1984 й.т.) ва 3 нафар фарзанди — Бибиойша (2003 й.т), Шерзодбек (2005 й.т.) ҳамда Осиёхонни (2009 й.т.) ўз олдига чақириб олади.

Экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган Фарҳод Ҳамроқулов 2013 йил оиласини олиб, Озарбойжон ва Эрон орқали Покистон давлатига боради. У ерда улар «Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилотига қўшилиб, бир неча йиллар мобайнида сарсон саргардонликда ҳаёт кечиришади, дея қайд этди ЎзА.

Охир оқибат 2012 йилнинг август ойида Фарҳод Ҳамроқулов Покистон ҳукумати қўшинларининг террорчиларга қарши ўтказган ҳарбий амалиёти натижасида ҳалок бўлади. Унинг ўлимидан сўнг 3 нафар фарзанди билан бева қолган Раъно Ҳамроқулова 2013 йил «Туркистон ислом ҳаракати» террористик ташкилотининг бошқа бир аъзоси билан шаръий никоҳ қуради.

2014 йилнинг кузларида эса улар Афғонистонга кўчиб ўтишади ва қизи Райёна туғилади. Аммо, 2018 йил Раъно Ҳамроқулова саргардонликда орттирган оғир хасталикдан вафот этади.

Давлат хавфсизлик хизматнинг хорижий ҳамкорлар билан олиб борган сайъ-ҳаракати туфайли 2018 йилнинг август ойида ота-онасиз қолган болаларнинг 2 нафари — Осиёхон ва Райёналар Ўзбекистонга олиб келиниб, бобоси ва бувиси қарамоғига топширилади.

Жорий йилнинг май ойида Раъно Ҳамроқулованинг Андижон вилоятида истиқомат қилувчи онаси Кимёхон Жакбарованинг қолган икки нафар набирасини Ўзбекистонга қайтариш борасида ёрдам сўраб Давлат хавфсизлик хизматига қилган мурожаатига асосан, куни кеча Бибиойша ва Шерзодбеклар ҳам яқин қариндошлари бағрига қайтарилди.