Италиянинг Неаполь шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Универсиаданинг дзюдо бўйича биринчи кун баҳслари якунланди. Ушбу беллашувларда эркаклар ва аёллар терма жамоаси жами 4 та вазнда татамига кўтарилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Эркаклар ўртасидаги беллашувларнинг +90 кг вазн тоифасида Муҳаммадкарим Хуррамов «А» гуруҳида америкалик Керр Масон Пипер, венгриялик Петер Арваи ва Богдан Воицикни мағлуб этиб, ярим финалда япониялик Канта Накано имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун кечадиган баҳсда эса польшалик Олексий Лисенко устидан ишончли ғалаба қилган Маҳаммадкарим делегацияга ушбу универсиададаги илк медални тақдим этди.

Шунингдек, -90 кг вазн тоифасида Давлат Бобонов аввалига саудиялик Абдулраҳмон Алрамманни, кейин япониялик Гоки Тажимани мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди. Аммо ушбу босқичда у бразилиялик Густаво Ассис тўсиғидан ўтолмади.

Мусобақанинг аёллар ўртасидаги баҳсларнинг -70 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Гулноза Матниязова илк босқичда кореялик Е Вон Лидан устун келди. Аммо иккинчи иккинчи даврада у россиялик Мадина Таймазовага имкониятни бой берди. Бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида эса у дастлаб Гирдзуите Жиойя Феттерлини мағлуб этишга муваффақ бўлди. Бироқ ҳал қилувчи баҳсда германиялик Сара Мэкелбургга имкониятни бой бериб қўйди.

+70 кг вазн тоифасида Нодира Йўлдошева италиялик Дебора Салани енгишга муваффақ бўлди. Аммо чорак финалда жанубий кореялик Ми Жин Хан тўсиғидан ўта олмади. Бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида эса унинг йўлига франциялик Валентин Маршан тўғаноқ бўлди.

Универсиада дастурида дзюдо бўйича мусобақалар 4−7 июль кунлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, келгуси кунларда яна 6 нафар ўзбекистонлик дзюдочи талабалар медаллар учун баҳс олиб боради.