Москвадаги Рерихов музейи — Шарқ Давлат музейи филиали директори Тигран Мкртичев Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи директор лавозимига халқаро танловда ғолиб бўлди. Ғолиб 4 июль куни Нукусда ўтказилган иккинчи босқич хулосасидан сўнг эълон қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Open Call танлови Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан февралда эълон қилинганэди. Номзодлардан аризалар 15 июнгача қабул қилинди. Биринчи босқич якунлари бўйича олти номзод — Тибо де Рюйтер (Германия), Тигран Мкртичев (Россия), Сергей Пиляк (Россия), Гульшат Баймуратова (Қозоғистон), Октябрь Доспанов (Қорақалпоғистон) ва Ирина Петрушина (Қорақалпоғистон) танлаб олинди.

Ўтган пайшанба куни номзодлар музейда экспертлар кенгаши қаршисида тақдимотларини ўтказиб, юзмаюз суҳбатдан ўтди. Эксперт кенгаши таркибидан Савицкий музейига 30 йилдан зиёд вақт давомида раҳбарлик қилган Мариника Бабаназарова ҳам ўрин олди. Ҳозирда у Маданият вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари ҳисобланади.

Тигран Мкртичев 1959 йилда Тверда туғилган, Тошкент давлат универсетида «тарих» йўналишида таҳсил олган. 2017 йилдан Москвадаги Рерихов музейи — Шарқ халқлари санъати давлат музейи филиалига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

У дунёнинг турли мамлакатларидаги машҳур музейларда ташкил этилган 20 дан ортиқ кўргазмаларга кураторлик қилган. Бундан ташқари, Тигран Мкртичев Самарқанд, Бухоро ва Термиздаги архиологик экспедицияларга бошчилик қилган. 2002 йилдан буён Россияда хизмат кўрсатган маданият ходими.