Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармасида Ўзбекистонда дастлабки инновацион виртуал тергов полигони бунёд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Виртуал тергов полигон барпо этилишида бевосита Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари Россия Федерациясининг «Фундаментальные системы анализа» компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда, сертификатланган ҳодиса жойини виртуал кўздан кечириш дастурий таъминоти яратилди ҳамда ушбу дастур замонавий «VR OСULUS» ускуналарига ўрнатилди.

Инновацион виртуал тергов полигонида ўрнатилган дастурий таъминот исталган ҳодиса жойининг моделини яратиш имкониятига эга бўлиб, терговчи ёки суриштирувчи виртуал тарзда ҳодиса содир бўлган жойни илмий ва назарий асосланган ҳолда кўздан кечириб, амалиётда йўл қўйиши мумкин бўлган хатоларни бартараф этиш устида ишлаш имкониятини беради.

Технологиялар имкониятидан фойдаланиб, ўрганувчи машғулот хонасида виртуал ҳолатда ҳодиса содир бўлган жойни реал вақт ва шароитда кўздан кечиради. Унинг ҳаракатлари компьютерда таҳлил қилиб борилади ва машғулот иштирокчиси ўз хатосини тўғриламагунга қадар тизим томонидан кейинги босқичга ўтиш имконини бермайди.

Шунингдек, ўрганувчи мазкур дастур доирасида ўз ҳаракатларини электрон тарзда баённомада расмийлаштириш, машғулот доирасида тузилган тест саволларига жавоб бериш ҳамда мавзуга доир адабиётлар билан танишиш имкониятига эга.

Инновацион дастурнинг яна бир афзаллик жиҳати шундаки, у нафақат тергов балки, жиноят қидирув ва эксперт-криминалистика ходимларини ҳам малакасини ошириш, амалий кўникмаларини бойитиш учун хизмат қилиши мумкин. Соҳада яратилган мазкур виртуал полигон тизимда хизмат қилувчи ходимларнинг инновацион ёндашув асосида касб маҳоратини оширишда янги босқич бўлиб ҳисобланади.