3 июль куни Италиянинг Неаполь шаҳридаги Сан-Пауло стадионида ХХХ ёзги Универсиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мусобақада 120 га яқин давлатдан 9000 нафарга яқин талаба спортчилар ёзги универсиада таркибидан ўрин олган 18 та спорт тури бўйича беллашади.

Ҳар икки йилда ўтказиладиган ушбу универсиадада 42 нафар ўзбекистонлик талабалар енгил атлетика, дзюдо, таэквондо WТF, бадиий гимнастика, теннис, спорт гимнастикаси, ўқ отиш ҳамда камондан отиш спорт турлари бўйича медаллар учун баҳс олиб боришади.

«Balich Worldwide Shоws» томонидан тайёрланган очилиш маросимига бутун дунё бўйлаб 1000 нафардан ортиқ ижрочи ва катта истеъдод соҳиблари таклиф этилган. Лойиҳа негизидаги тушунчалар Универсиада логотипининг «У» ҳарфига асосланади. Ушбу стадион дизайни Неаполда кутилаётган 120 дан ошиқ мамлакатдан келган университет спортчиларига икки йирик қўл узатиб тургандек таассурот уйғотади.

Наполи кўрфазига ўхшаб, Сан-Паоло стадиони меҳмондўстлик ва маданий ҳаётнинг ажойиб рамзи бўлиб қолишига астойдил ҳаракат қилинган.

Қарийб 80 мингга яқин мухлислар билан тўлиб-тошган стадионга Ўзбекистон байроғини дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида олимпия ўйинлари чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Суҳроб Турсунов баланд тутган ҳолда олиб кирди. Тантали очилиш маросимида мусобақада Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров иштирок этди.