Термиз адлия бўлими 3 июль куни «Дамас» русумли автомашиналарда Термиз шаҳри ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқловчи қарорини 10 кун муддатда бекор қилиш, шунингдек айбдор шахсларга тегишли чоралар кўрилиши учун ҳокимликка тақдимнома киритди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қатор оммавий ахборот воситаларида Термиз шаҳар ҳокими томонидан 13 июнда қабул қилинган «Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор «Дамас» ҳайдовчиларининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани хабар қилинди. Мазкур қарор билан, шу жумладан, 1 июлдан бошлаб Термиз ичида «Дамас» русумли транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатиш бўйича мутасадди идораларга вазифалар юкланган эди.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, мазкур қарор лойиҳаси Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принципларини бузиши мумкинлиги туфайли Савдо-саноат палатаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилиши лозимлиги ҳақида хулоса тақдим этилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши лозим.

Бироқ Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан қарор тегишли идоралар билан келишилмасдан, адлия бўлимининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича ижобий хулосасини олмаган ҳолда қабул қилинганлиги натижасида қатор қонун ҳужжатлари талаблари бузилган.

Адлия вазирлиги маълумот ўрнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти қатъий назорат остига олинганлигини, бу бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан ҳокимликларга тегишли ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатиб келинаётганини билдириб ўтди. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даврида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан киритилган тақдимномаларга асосан туман (шаҳар) ҳокимларининг 160 та қарори бекор қилинган, 165 нафар масъул шахс жавобгарликка тортилган.