Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримова жазони ўтаётган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги умумий тартибдаги 21- аёллар қамоқхонасида ўрганишларни бошлади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, интернет ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлар орқали бугунги кунда суднинг ҳукмига асосан тегишли жазони ўтаётган маҳкума Гулнора Каримованинг жазони ўташ муассасасидаги шарт-шароитлар хусусида билдирилаётган турли хабарлар тарқалмоқда.

Адлия вазирлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини мазкур масала юзасидан турли хил асоссиз хабарлар тарқатмасликка чақириб, ўрганишлар натижаси юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилишини маълум қилди.

Сешанба куни Гулнора Каримованинг қизи Иман Instagram ижтимоий тармоғида онасининг зарур тиббий ёрдамни ололмаётгани ҳамда қамоқхона бошлиғи томонидан руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида ёзганэди.

Иман Каримованинг тасдиқлашича, онасининг аҳволи тўғрисидаги хавф сабабли Швейцария суди Гулнора Каримова ҳисоб рақамларидаги пулларни қайтаришни тўхтатиб турибди.