Тошкентнинг Юнусобод туманида Ўзбекистон ва Белорус ўртасидаги келишувлар доирасида карбопенемлар (антибиотиклар) ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқариш майдончасини яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида сўз боради.

Лойиҳада қайд этилишича, белорус томони вакиллари 2019 йил январида юридик шахс — BELFARM МЧЖ ҚК очиб, ишлаб чиқариш бўйича концептуал лойиҳани тайёрлади.

Ҳужжатда сармоядор 6 йил давомида инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади. Корхона энг камида 10 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб қилиши лозим.

Қўшма корхонада GMP ишончли ишлаб чиқариш амалиёти қоидалари асосида стериланган антибиотик кукуни (йилига 10 млн флакон), қаттиқ дори шаклларини (йилига 500 млн таблетка, 60 млн капсула ва 6 млн дан ортиқ саше) ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Лойиҳа доирасида 120 та иш ўрни ташкил этилади.

Лойиҳани Тошкентнинг Юнусбод тумани Кичик ҳалқа йўли ва Бодомзор йўли (ҳозирги Чингиз Айтматов кўчаси) манзилидаги 14625 кв. м майдондаги бино ва иншоотлар, уларга туташ 2 гектарлик ҳудудни инвестицион ва ижтимоий мажбуриятлар билан нол қийматда сотиш йўли билан амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Мазкур ҳудуд Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги бошқарувида.

Қайд этиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 апрелдаги «Фармацевтика соҳасининг ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида (очиқ манбаларда мавжуд эмас) Юнусобод тумани Кичик ҳалқа йўли ва Бодомзор йўли кўчалари 37-уй манзилида жойлашган фаолияти тугатилган «Вакцина» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг бактерия препаратлари ишлаб чиқариш корхонаси мол-мулклари ҳамда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий тадқиқот институтининг жами 15171 кв. м майдондаги бино ва иншоотларини Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги бошқарувига ўтказиш кўзда тутилган.

Интерактив давлат хизматлари ягона порталида кўрсатиб ўтилган манзилда Belfarm корхонаси рўйхатга олинган. Компания раҳбари сифатида Икромжон Таджибаевич Хасанов кўрсатилган. Корхона улушлари Farmsoft Solutions FZE (60%), Varanetski Baliaslau (20%) ва Adamovich Uladzimir (20%) ўртасида тақсимланган.

Ҳудуд манзили ҳайвонлар қабристони яқинида жойлашгани тахмин қилингани сабабли Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази томонидан фаолияти тўхтатилган «Молочноя кухня» ва Novopharma Plus компаниялари манзилига мос келади.