Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган «Қўйлиқ» бозорида икки эркакнинг бир неча фуқаролар томонидан калтаклангани тасвирланган видео юзасидан изоҳ берди. Мазкур ҳолат бўйича Бектемир тумани ИИО ФМБ ходимлари теширув ўтказди.

ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳодиса 2 июль куни тахминан соат 16.30 да рўй берган. Бозор савдогарлари — 30 ёшли қашқадарёлик Суннатилло Ш. ва 31-ёшли сурхандарёлик Алишер Т. икки нафар номаълум шахс 35 ёшли Жаҳонгир Э.га тегишли «Кобальт» русумли автомобиль эшигини бузаётганини кўриб қолган. Шундан сўнг Суннатилло Ш., Алишер Т. ва ушбу бозорнинг яна бир савдогари Шухрат Ш. ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига хабар бермасдан, муқаддам судланган фарғоналик 40 ёшли Сайиджон Т. ва 39 ёшли Ахад К.ни мушт билан жазолаб, уларга тан шикастлари етказган.

Ушбу ҳолат бўйича Суннатилло, Алишер ва Шухратга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми («Безорилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Сайиджон Т. ва Ахад К.га нисбатан эса Жиноят кодекснинг 25-моддаси («Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш») ва 169-моддаси («Ўғрилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

ИИББ фуқароларга юзланиб, бу каби ҳолатларда судсиз жазоламасдан, 102 рақамига ёки 71−232−30−40, 71−232−40−50 рақамларига қўнғироқ қилишни сўради.