Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 16 апрелда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 21 июнда маъқулланган эди.

Шахсга доир маълумотлар деганда жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот назарда тутилади.

Ушбу қонуннинг амал қилиши:

  • жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;
  • Миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;
  • давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш;
  • тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолияти, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш жараёнида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш доирасида олинган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳукумат ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Шахсга доир маълумотлар давлат бошқаруви органларига бепул берилади.

Шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Жисмоний шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

Қонун 1 октябрдан кучга киради.