Ўзбекистон бош прокурорининг буйруғига асосан Бойтемиров Нодирбек Нуъманович Ўзбекистон Бош прокуратураси Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.Нодирбек Бойтемиров (1973 й. т.) Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган (1995). Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1995 йилда Фарғона шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи, Хоразм вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

Тайинлангунга қадар Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати девони бўлим мудири лавозимида ишлаган.

Назаров Содиқжон Рахимович Ўзбекистон Бош прокуратураси Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Содиқжон Назаров (1961 й. т.) Тошкент давлат университетини тамомлаган (1985).

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1992 йилда Сирдарё тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, Ш. Рашидов, Ховос, Сардоба, Сайхунобод туманлари прокурори, Бош прокуратура ва Сирдарё вилоят прокуратурасининг турли лавозимларида фаолият олиб борган.

Тайинлангунга қадар Сирдарё вилояти прокуратураси фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори лавозимида ишлаган.

Рахимов Шавкатжон Жўраевич Ўзбекистон Бош прокуратураси Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Шавкатжон Рахимов (1968 й. т.) Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган (1994).

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1996 йилда Норин тумани прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Тўрақўрғон тумани прокурори, Наманган вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи, Бош прокуратурада бошқарма катта прокурори сифатида фаолият олиб борган.

Тайинлангунга қадар Бош прокуратура Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Бердиалиев Содикжон Алижонович Ўзбекистон Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Содиқжон Бердиалиев (1976 й. т.) Тошкент давлат юридик институтини (2000), Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган (2012).

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2000 йилда Андижон шаҳар прокуратураси иш ўрганувчиси сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Андижон шаҳар прокурори, Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

Тайинлангунга қадар Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

«Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбалари маълумотларига кўра, халқаро ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи Олим Набиев, ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Шоҳмуҳаммадбек Муҳаммаджонов, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова, шунингдек Наманган вилояти прокурори Рашид Раҳматов (март ойида тайинланган эди) ҳамда бир қатор ходимлар лавозимидан озод қилинган.