2 июль куни Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев раислигида Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этишни сўраб тақдим этган мурожаатлари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунига кўра, комиссия 5 нафар шахсни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида хулоса қилди. Шунингдек, жиноий жавобгарликдан озод қилинган 5 нафар фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Бугунги кунда ушбу масала бўйича келиб тушган яна 8 та мурожаатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.

Ўзбекистон президенти 2018 йил 19 сентябрдаги террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаганэди. Фармонга кўра, тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг қилмишига пушаймонлиги ҳамда айбини бўйнига олиши тўғрисидаги аризаси хорижда уларнинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига ёхуд Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига берилади.