2 июль куни Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг PETROMARUZ компаниялар гуруҳи ўртасида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Компания билан нефть-газ, цемент ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати, инерт қурилиш материалларини қазиб олиш, йўл қурилиши, қурилиш конструкцияларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантиришда ҳамкорлик ўрнатилди. Музокаралар натижасида дастлабки ҳамкорликдаги илмий-техник лойиҳалар танловлари учун гуруҳ томонидан 3−4 млрд сўм ва йил охиригача 15 млрд сўм миқдорида маблағлар ажратишга, вазирлик ҳам ўз навбатида, худди шундай миқдордаги улуш киритишига келишилди.

Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги PETROMARUZ билан биргаликда илмий-тадқиқот ишлари йўналишларини аниқлаб, ўзаро молиялаштириш учун тематик илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар танловига лойиҳалар мавзулари шакллантирди. Хусусан, нефть ва ёқилғи соҳасида 5 та, пахтани қайта ишлаш билан боғлиқ 3 та, архитектура ва қурилиш соҳасида 3 та, жами 11 та илмий-тадқиқот лойиҳалари мавзулари шакллантирилди. Бу вазирлик ва компания ўртасидаги ҳамкорликнинг биринчи босқичи бўлиб, кейинчалик турли соҳалар бўйича яна лойиҳалар танловлари эълон қилиб борилади.

Меморандумга кўра, илмий тадқиқотларнинг харажатларининг 50 фоизи вазирлик томонидан давлат бюджети ҳисобидан тўланса, қолган 50 фоизи компания ҳисобидан қопланади. Таъкидлаш жоизки, ривожланган мамлакатларда илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришнинг салмоқли қисми — тахминан 60 фоизи саноат компаниялар улушига тўғри келади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич атиги 8 фоизни ташкил этади.

«Бу юртимиз илм-фанига хусусий сектор томонидан билдирилган катта ишончдир, — деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Хусусий бизнесдан илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун инвестицияларнинг киритилиши вазирлигимиз ўз олдига қўйган вазифалардан бири, яъни илм-фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик интеграциясининг яққол мисолидир. Ҳозирда юртимизда кластерлар тизимини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда, мана шу кластерларга аниқ лойиҳалар устида ишлаётган олимларнинг бириктириб қўйилиши кластерларнинг ривожига замин яратади».

Саноатнинг асосий тармоқларида фаолият юритадиган ўнлаб корхоналарни ўзида бирлаштирувчи PETROMARUZ компаниялар гуруҳининг Директорлар кенгаши раиси Муртазо Рахматов кластерлар тизими ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтараётганини таъкидлади. Хусусан, Бухорода ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қисқа муддатлар давомида ўз самарадорлигини намойиш этди.

«Кластер тузилишидан аввал 35 киши фаолият юритаётган корхонада бугунда минглаб одамлар иш билан банд, — деди Муртазо Рахматов. — Амалга ошираётган ишларимизни янада самарали амалга ошириш учун олимларнинг ёрдами керак. Негаки, бугунги технологиялар тез ривожланиб бораётган давримизда илм-фан натижаларини қўлламай самарадорликни ошириш, ишлаб чиқаришдаги муаммоларни бартараф этиш мумкин эмас».


Юртимиз иқтисодиётига ҳар томонлама ҳисса қўшиб келаётган компаниялар гуруҳининг тадқиқотларни қўллаб-қувватлаши, уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиниши иқтисодиётнинг муайян тармоқларини янги босқичга олиб чиқади, унинг натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги ўсади, янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли яшаш сифати ошади.