Ўзбекистон узунлиги қарийб 200 км, умумий қиймати эса 110 млн доллар бўлган «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасига 45 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов душанба куни Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида мамлакат ижро ҳукумати раҳбари Абдулла Абдулла билан учрашувда маълум қилди, дея хабар берди TOLOnews.

Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ҳам муҳокама қилди.

Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон Афғонистон билан қишлоқ хўжалиги, савдо, энергетика ва темир йўллар ташуви соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Афғонистон ҳукумати раҳбари Абдулла Абдулла икки томонлама савдо муносабатларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирларни давом эттиришга ишонч билдирди.

У ўз мамлакати ўзбек сармоядорлари учун кўпроқ имкониятлар яратишга киришганини таъкидлаб, бундай шароитлар Ўзбекистондаги афғон инвесторларига ҳам тақдим этилишидан умид билдирди.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Афғонистон «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси орқали 10 йил муддатга «ол ёки тўла» тамойили бўйича электр энергиясини етказиб бериш шартномасини имзолагани хабар қилинганэди. Мазкур тамойил Осиё тараққиёт банкининг лойиҳаларни молиялаштириш бўйича шартларидан бири бўлиб, агарда Афғонистоннинг Сурхондарё электр энергиясига эҳтиёжи қолмаган тақдирда ҳам шартнома бўйича барибир пул тўлашга мажбур бўлишини англатади.