Ўзбекистон ва Афғонистон қурилаётган «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси орқали «ол ёки тўла» тамойили бўйича электр энергиясини етказиб беришга шартнома имзоламоқда. Бу ҳақда ўтган ҳафта жума куни бўлиб ўтган Энергетика вазирлиги брифингида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев маълум қилди.

Қуввати 500 кВ бўлган электр узатиш тармоғи қурилиши тўғрисида 2017 йил декабрида Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида битим имзоланган эди. Ўзбекистон ҳудудида қурилиш ишлари 2018 йил мартида бошланди. Тармоқнинг узунлиги 260 км бўлиб, Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси ҳажмини 70 фоизга ошириш ва йилига 6 млрд кВт.с га етказиш имконини беради. 150 млн долларга мўлжалланган лойиҳани 2020 йил охиригача етказиш режалаштирилган.

Осиё тараққиёт банки Афғонистонга Ўзбекистон билан энергия алмашинуви учун кредит ажратди.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги Марказий Осиё давлатлари операторлари учун электр энергияси улгуржи бозори биржасини яратиш ташаббуси билан чиққан эди.