Эрон орқали кириб келган жазирама иссиқдан сўнг яқин кунларда ҳаво ҳароратининг қисқа муддатга пасайиши кутилмоқда, дея хабар қилди Ўзгидромет «Газета.uz"га.

Бугун кундузи ҳаво ҳарорати 40−43 даражага, жануб ва чўл ҳудудларида са 44−45 даражага кўтарилиб, кўп йиллик ўртача меъёрдан 5−7 даража юқори ҳарорат кузатилди.

Эртага Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларида Волга бўйидан салқин ва нам ҳаво оқимлари кириб келади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши, ҳаво ҳарорати 28−33 даражагача тушиши кутилмоқда. Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ҳарорат тушади, бироқ унча паст эмас — кундузги соатларда 33−38 даражагача бўлади.

Республиканинг қолган ҳудудларида сешанба куни жазирама иссиқ сақланиб қолади — 40−43 даража, жанубда эса 44−45 даражагача кўтарилади.

Чоршанба куни салқин ва нам ҳаво оқими бутун Ўзбекистон ҳудудига ёйилади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси ҳудудида эрталаб ва кундузги соатларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмаяпти.

Бундан ташқари, 2−3 июль кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида шамол тезлигининг 17−22 м/с, айрим жойларда эса 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. 3 июль куни ҳаво ҳарорати 30−35 даражагача тушади.

Бироқ келгуси куни ҳаво секин-аста исишни бошлайди. Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати 35−40 даража атрофида бўлади.