Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ йўл-патруль хизмати ходимлари учун бодикамералар етказиб бериш муддатлари кечикаётганига изоҳ берди. Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 1 декабрдаги қарорига кўра бодикамералар 1 июлдан жорий этилиши ва шу кундан эътиборан ҳайдовчилар камерасиз хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимларига ҳужжатларни кўрсатмаслик ҳуқуқига эга бўлиши лозим эди.

1 июль куни ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати айни вақтда ишларнинг қарийб 80 фоизи якунланганини маълум қилди.

ЙҲХББ хабарига кўра, тендерга 15 та компания ариза топширган, бироқ улардан 6 таси синаш учун ускуналарини тақдим этган. Бодикамераларни харид қилиш тўғрисидаги шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ май ойида Ўзбекистон ички ишлар органлари бўлинмалари ҳамда Тошкент ИИБ мониторинг маркази учун шахсий видеорегистраторлар ва маълумотларни сақлаш ускуналарини етказиб бериш бўйича танловда INFINECOM ютиб чиққанини эълон қилган эди.

24 декабрдаги президент қарорида 1 апрелгача ППХ ходимларини маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш электрон тизими учун мобил телефон ва планшетлар билан таъминлаш белгиланган эди.