Ўзбекистон мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуролланиш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳарбий делегацияси вакиллари Россия Федерациясида ўтказилаётган «АРМИЯ-2019» V халқаро ҳарбий-техника форумида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Форум давомида турли давлатларнинг корхона ва компанияларида ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мулклар намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси форум давомида турли давлатлар корхона ва компанияларининг вакиллари билан қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника, ҳарбий-техник мулк ҳамда захира асбоб ва анжомлар билан қуроллантириш бўйича музокара ўтказмоқда.

Шунингдек, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш ва таъмирлаш ҳамда муҳандислик-техниклар таркибини тегишли давлатлар корхоналарига тажриба алмашинувига юбориш, давлатлар ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

V халқаро ҳарбий-техник форум жорий йилнинг 30 июнига қадар давом этади.