«Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов жума куни Энергетика вазирлигида ўтказилган брифингда журналистларнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Лукойл» билан маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битимни имзолашда миллий манфаатлар ҳисобга олинмагани ҳақида фикр билдирганидан сўнг битим қайта кўриб чиқиладими, деган саволига жавоб қайтарди.

Аввалроқ Ўзбекистон қазиб олинган газ маҳсулотни бўлиб олиш шартига кўра тўлиқ экспорт қилиниши кўзда тутилган бўлса ҳам, унинг бир қисмини ички бозорга олгани учун «Лукойл"дан 600 млн доллар қарздор бўлган хабар қилинганэди. Давлат раҳбари Ўзбекистон бугун «Лукойл"дан ички бозор учун минг куб метр газни 146 доллардан сотиб олиб, аҳолига 40 доллардан сотаётганини маълум қилди.

«Бугунги кунда „Лукойл“ нафақат нефть-газ соҳаси, балки Ўзбекистонда ҳам энг йирик инвестор ҳисобланади. Инвестициялар ҳажми 7 млрд доллардан ошади, аниқроқ айтганда углеводород хом ашёсини қазиб олиш, у ердан олинган табиий газни тайёрлаш учун газ-ким мажмуасини қуриш лойиҳалари доираларида 7,4 млрд доллар сарфланди», — деди Баҳоди Сидиқов.

У Ўзбекистоннинг «Лукойл» олдидаги қарзи бир йилда пайдо бўлмаганини таъкидлади: «Биз уч йилдан бери «Лукойл"дан олаётган табиий газни ички бозорга сотаяпмиз. Бу ҳам аҳолида, ҳам мамлакатимизнинг ривожланиши билан янгидан ташкил этилаётган корхоналар томонидан табиий газ истеъмолига бўлган талабнинг ортиши билан боғлиқ», — деди у.

«Бундай форматда тузилган битим давлат манфаатларига тўғри келадими ёки йўқ, деган нарса бўлмайди, — деди „Ўзбекнефтгаз“ раҳбари. — Ҳозирда шаклланган қарз „Лукойл“ билан маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги шартнома доирасидаги лойиҳалар бўйича уч ойлик қазиб олинган ҳажмга тенг. Бизда мазкур қарздорликни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар бор. Биз бугун „Лукойл“ билан мазкур қарздорлик қисмини реструктуризация қилиш ва келгуси даврларда уни тўлаш бўйича келишувимиз бор».

Баҳодиржон Сидиқовнинг фикрича, битим миллий манфаатларга мос келадими, деган саволни бериш нотўғри, чунки бугун «Лукойл» билан маҳсулотни бўлиб олиш бўйича келишув доирасидаги давлат даромади 3,5 млрд долларни ташкил этмоқда. «Яъни, давлат солиқлар, фойдали маҳсулотлар улушини тақсимлаш кўринишида ўз улушини олмоқда», — дея изоҳ берди «Ўзбекнефтгаз» раҳбари.