Занжирли таъминот бошқаруви тизими (ЗТБ) ёки «Supply Chain Management» ҳозирги кунга келиб жуда оммабоп мавзулардан бирига айланмоқда. Бунга асосий сабаблардан бири — жаҳон базорининг йилдан-йилга кенгайиб боришидир. Мамлакатлар орасидаги мавжуд бўлган ижобий алоқалар илғор қадамлар билан савдо соҳасидаги маҳсулот айирбошлаш тизимини кенгайтириб, унга илҳом бахш этмоқда. Мамлакатлар орасидаги савдо-сотиқни тезлашиш суръати траспорт соҳаси ривожлангани учун жуда қулай келди. Айнан транспорт соҳаси ортидан жаҳон бозори глобал тус олди.

80-йиллардан олдинги вақт мобайнида маҳсулотни бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга етказиб бериш мураккаб бир жараён ҳисобланган бўлса, эндиликда ўша махсулот бир неча кун ёки соатларлар ичида сотувчидан мижозга етказиб берилмоқда. Ҳозирга келиб бизнесда ишлаб чиқаришга ёндашиш турли хилда тус олган, ривожланган мамлакатлар иложи борича ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ишчи кучи арзон бўлган мамлакатларга кўчирмоқда. Ўз навбатида, нафақат ишлаб чиқариш, балки маҳсулотларга керакли бўлган компонентларни ҳам арзонроқ топиш имкони бўлган мамлакатлар ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилинмоқда. Юқоридаги баёнотга мисол тариқасида машҳур iPhone уяли телефонларини келтириш мумкин. iPhone маҳсулот сифатида Foxconn Technology Group (Taiwan) шартнома асосида ишлаб чиқарувчи ташкилот остида Хитойдаги энг йирик заводлардан бирида ишлаб чиқарилади.

Биргина iPhone уяли телефонларини ишлаб чиқаришда 30 дан ортиқ мамлакатдан унга тегишли компонентлар етказиб берилади. iPhone компонентларининг асосий қисми Хитой ва Япониядан етказиб берилади. Ундан кейингина навбатни АҚШ эгаллайди. Ушбу мисол бизга шуни яққол кўрсатиб турибдики, маҳсулот ишлаб чиқаришда қиёсий устунлик (comparative advantage) назарияси асосида қайси мамлакат бирор компонентни ишлаб чиқаришда нарх ва имкониятлар борасида устунликка эга бўлса, маҳсулот ўша мамлакатда ишлаб чиқарилмоқда. Шу тариқа маҳсулот ишлаб чиқариш занжирли таъминот бошқаруви тизими юксак даражада бўлсагина у ишлаб чиқаришда ҳеч қандай етишмовчиликларсиз мувоффақиятга эришади.

Маҳсулотни дастлабки ишлаб чиқаришдаги жараёндан тортиб, уни тайёр маҳсулотга айлантириш ҳамда сўнгги истеъмолчилар ҳаволасига, чакана савдо дўконларигача етказиб бериш жараёнини қамровчи ЗТБ фойда ҳамда тежамкорликнинг асосига айланади. Яна ўша машҳур iPhone уяли телефонлари асосчиси Apple компаниясига назар ташласак, ушбу компания 2014 йилни ўзидаёқ АҚШда яратган иш ўринларининг деярли ярми занжирли таъминот тизими ҳиссасига тегишлидир (48,7%), бу эса ўз навбатида соҳани нақадар муҳум эканлигидан далолат беради.

Юқоридаги келтирилган баёнотлар маҳсулот ишлаб чиқаришдаги жараён мобайнида ЗТБнинг муҳимлигини тасдиқлаб ўтган бўлса, ушбу ўринда яна бир йўналиш ЗТБнинг муҳимлигини янада тасдиқлаб ўтади. Ушбу жараён online тизимда бўлган маҳсулот савдосидир ёки электрон тижорат деб аталади. Дунё бўйича маҳсулотлар савдоси уни ҳар доим келишилган вақтда етказиб беришни ўз зиммасига олади, бу эса ўз навбатида ЗТБнинг халқаро даражада фаолият олиб боришни талаб қилади. Ҳозирга келиб анъанавий савдо-сотиқ қилиш тизимига нисбатан e-commerce/электрон тижорат савдо қилиш услуби ўсиш суръати тезлашмоқда. Компаниялар электрон тижорат орқасидан анча тежамкорликни назарда тутадилар.

Агар анънавий савдода компания ҳар ойлик савдо марказини ижараси маблағ сарфласа (савдо учун жой камида 1 ой ёки 6 ойга олинади), электрон тижорат тизими орқали ушбу жараён яши ишланган wеб-саҳифа билан кифоя бўлади. Агар ананавий савдо ичшилар ҳамда уларни ойлик маоши билан шуғулланса, электрон тижорат wеb-саҳифани техник тарафдан стабил ҳолатда бўлишини таъминлашни таъкидлайди. Кўриниб турибдики, электрон тижорат фойда ҳамда тежамкорлик тамониндан олдиндадир.

АҚШда 2018 йилда 2017 йилга нисбатан ўсиш суръати электрон тижорат тизими зиммасига 15 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич анъанавий савдо-сотиқ тизимида атиги 3,7 фоизни ташкил қилган. Ўзбекистоннинг энг катта савдо-сотиқ ҳамкорларидан бири Россия Федерациясида ҳам электрон тижорат жадал тарзда олдинга бормоқда. Россиянинг Yandex money, Webmoney ҳамда KIWI wallet каби тизимлари ҳаридорларга онлайн тарзда маҳсулотларни сотиб олишга қулайлик яратмоқда. Рус харидорларининг асосий онлайн харид маҳсулотлари бу маиший техника, кийим-кечак, компьютер, ноутбук ва уларга тегишли эҳтиёт қисмлар ҳозирда энг юқори поғонани эгаллаб келмоқда. Хуллас, электрон тижорат ҳам ЗТБнинг муҳимлигини ва усиз ишлай олмаслигини тасдиқлайди.

Занжирли таъминот бошқаруви тизими (ЗТБ) ўз ичига тўғри танланган маҳсулотни, мўлжалдаги харидорга, айни келишилган миқдорда ҳамда белгиланган вақт мобайнида етказиб бериш фаолиятларини қамрайди.

ЗТБ (СCМ) режалаштириш ҳамда прогноз ишларини олиб бориш, сотиб олиш, маҳсулотни йиғиш, кўчириш, сақлаш, тақсимлаш, савдо ҳамда мижозларга ҳизмат кўрсатиш каби жараёнларини ўз диққат марказига олади (Кўриниб турибди-ку, йирик бир жараёнлардан бўлмиш логистика ҳам ЗТБнинг бир асосий қисмигина экан холос).

Қуйидаги диаграмма занжирли жараёнларда ЗТБнинг содда бир кўринишдаги умумий босқичма-босқич жараёнларини ҳамда уларда фаол ва узлуксиз ҳолда бўлган, яъни маҳсулот ишлаб чиқиш жараёнидан тортиб, уни мижозларга этиб боргунга қадар бўлган жараёнларда қатнашишни намоён этади:

Жаҳон миқёсида рақобатни кучайиши айни вақтда ЗТБнинг муҳимлигини яна бир бор тасдиқламоқда. Оддий мисол қилиб айтиш мукинки, агарда Х компанияси рақобат бозорда энг сифатли маҳсулотга эга бўлиши мумкин, лекин нотўгри натланган ЗТБ жараёнлари сабабли у мижозга маҳсулотни ўз вақтида етказиб бера олмаслиги мумкин ёки бунинг учун жуда катта маблағ сарфлаб фойда улушини кам бўлиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Бу жараённинг олдини олиш учун эса Х компанияси глобал бизнес муҳитни синчковлик билан ўрганиши, инновацион ҳамда тезкор ечимларни ЗТБдан қидирмоғи зарур.

Ҳозирги кунга келиб ЗТБ компанияларнинг фойда миқдорини оширишдаги ҳамда уларнинг бозордаги улушнинг оширишдаги энг самарали йўллардан бири бўлиб келмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мамлакат ёки жаҳон миқёсида турли ташкилотлар ЗТБ тизимининг ўзаро мувофиқлаштирилиши (coordination) ишларини олиб боради. Масалан, 1984 йилда ташкил топган European Logistics Association, Institute of Supply chain Managament (IoSCM — Буюк Британия), ҳамда 1963 йилда ташкил топган Council of Supply Chain Management Professionals (CSCMP), Ўзбекистон миқёсида эса халқаро транспорт терминаллари ва логистика марказларини мисол қилиб олиш мумкин. Ушбу айтиб ўтилган ташкилотлар турли мамлакатларда фаолиятни чекловчи давлат қонунчилик доирасида мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф қилишга, турли тадбиркорлик соҳаларида логистика тизимини шакиллантиришга ҳамда уларнинг малакасини оширишга ҳизмат қилади.

Жаҳон Банки тамонидан мамлакатларнинг логистик фаолият индексини ўлчовчи LPI (Logitics Performance Index) тизими яратилган бўлиб, у мамлакатда логистика бўйича фаолият юритишда қандай қийинчиликлар ва имкониятларни аниқлаш ва уларни фаоллаштириш учун нима кераклигини аниқловчи интерактив қиёсий воситадир. LPI жаҳоннинг 160 турли мамлакатини таққослаш имконини беради.

Ушбу 160 давлат ичида 2018 йилги ўлчовлар асосида Германия етакчи ўринда, Ўзбекистон эса 99-ўринни эгаллаган (Россия 75, Қозоғистон 71).

1- расм. (Манба: Жаҳон банки)

Расмдаги ранг кодлари — рангнинг тўқлик даражаси мамлакатда LPIнинг юқорилигидан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида, инвесторлар учун ушбу мамлакат тўғрисидаги шароитларни намойиш эта олади.

Келинг, LPIга яқинроқ назар ташлаймиз ҳамда Ўзбекистон ва Скандинавия давлатларидан бири бўлмиш Данияни (LPI-8) мисол тариқасида оламиз:

2- расм 2. (Манба: Жаҳон банки)

Юқоридаги расмдаги схема қуйидаги ўлчовларни қамраган:

  • Customs / чегаравий назорат органлари шу жумладан божҳона органларининг самарадорлиги (Масалан, иш олиб бориш тезлиги, жараённинг содда ёки мураккаблиги ҳамда расмийлаштириш ишлари).
  • Infrastructure — савдо ва транспорт билан боғлиқ инфраструктура сифати (Масалан, портлар, темир йўллари, автомобил йўллари, ахборот айирбошлаш техногиялари).
  • International Shipments / маҳсулотларни рақобатбардош нархлар асосида жўната олиш имкониятлари.
  • Logistics Competence / логистика ҳизматларининг малакаси ва сифати (масалан, транспорт операторлари, божхона брокерлари)
  • Tracking and Tracing / юкларни ташиш жараёнида уларни кузатиб бориш қобилияти.
  • Timeliness / айтилган манзилга келишилган вақт мобайнида юкни етказиб бериш қобилияти.
  • ҳамда LPI, бу юқоридаги ўлчовларнинг барини ўртача умумий ҳисоб кўрсаткичидир.

Таққослар асосида бизга яққол кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитдаги асосий LPI бўйича оқсоқланиши, бу — чегаравий ҳамда божхона назоратини фаол эмаслиги, жараённинг узоқ вақт олиши, ундаги расмийлаштириш ишларини мураккаблигидир.

Ушбу масалада божҳона хизмат пунклари сонини ошириш ҳамда улар талаб қиладиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартира олиш. Шу билан биргаликда, давр талабларига асосланган ҳолда кўп жараёнлар онлайн тизимида бажарилишига ўтиши умимий жараённинг ривожланишига туртки бўла олади.

Дания мисолида юқоридаги схемага асосан, энг яхши кўрсаткич маҳсулотларни келишилган вақтда етказиб бера олиш қобилиятини кўришимиз мумкин. Ушбу кўрсаткиш компаниялар учун энг муҳим кўрсаткичлардан бири бўлиб, у энг асосийси компаниялар орасида ўзаро ишончни уйғота олади. Ишонч эса ҳалқаро бизнес муҳитида энг муҳим ўлчовлардан биридир.

Ривожланган давлатлар орасида маҳсулот айирбошлаш аллақачон глобал тусда амалда қўлланилади. Бу эса ўз навбатида маҳсулот транспортировкаси билан шуғулланувчи компаниялардан юқори самарадорлик ҳамда маҳоратларни талаб қилади. Талаб эса, ўз навбатида, жараёнга рақобатни келтириб чиқаради. Шундай экан, ҳозир Ўзбекистон учун рақобатбардош, ишончли ҳамда самарадорликка урғу берувчи муҳитни юзага келишига хисса қўшувчи иқтисодий сиёсат шароитини яратиш лозим.

Хулоса тариқасида шуни такидлаб ўтиш лозимки, занжирли таъминот бошқаруви тизими жиддий эътиборни жалб қилувчи тизимдир. Уни пухта ва ҳар тамонлама синчковлик билан ўрганган компаниялар ўз фаолиятида нафақат узоқни ўйлайди, балки сарф-харажатларини эътиборли даражада қисқартира олади. Занжирли таъминот бошқаруви тизими юқорида таъкидлаб ўтилганидек, маҳсулотни яратиш жараёнидан бошлаб, уни мижозга етказиб бергунгача бўлган жараённи қамрайди. Ушбу навбатда тизим ички жараёнлар оралиғида транспарант/шаффофликни юзага келтиради ҳамда қайси жараён кўпроқ такомиллаштирилиши кераклигини кўрсатиб бера олади. Бу эса, ўз навбатида, ривожланиш ҳамда ҳалқаро стандартларга тез вақт мобайнида эриша олиш ҳамда такомил тарзда иш юрита олишга замин ярата олади.

Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.

Захриддин Тохиров, Даниянинг Grundfos A/S компанияси тармоқли таъминотни бошқариш мувофиқлаштирувчиси, «BUYUK KELAJAK» экспертлар кенгаши аъзоси.