25 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ҳиндистоннинг уруғчилик соҳасидаги йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлмиш «Kalash Seeds» компанияси вакиллари — Акшай Дашпут, Деви Такун, Нанкумар Кунх билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари, келажакдаги режалар ва амалга оширилган ишлар ҳақида суҳбатлашдилар. Хусусан, Ўзбекистонга инвестицияларни жалб қилиш ва уруғчилик кластерларини ташкил қилиш бўйича амалий таклифлар муҳокама қилинди.

Маълумот учун: «Kalash Seeds Pvt. Ltd» илмий-тадқиқот корхонаси бўлиб, 35 йилдан ортиқ вақт мобайнида уруғчилик соҳасида илмий изланишлар билан шуғулланади. Шунингдек, компания сабзавотлар уруғларини ишлаб чиқарувчи Ҳиндистондаги етакчи компаниялардан бири бўлиб, қалампир, бақлажон, тарвуз, пиёз, помидор, ошқовоқ каби қишлоқ хўжалиги эканларини ҳам етиштириб келади. Корхона Di Haploid lab каби тадқиқот марказлари, маркер технологиялари бўйича ҳамда молекуляр биология лабораторияларига, шунингдек ISTA лабораторияга эга.

Вазирликда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг меҳмонлар ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер майдон участкаларини кўздан кечириш мақсадида Андижон вилоятига жўнаб кетди.