Ўзбекистон Молия вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Гулнора Каримованинг 1,2 млрд долларни республика бюджетига қайтаргани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

«Давлат бюджетига ундирилган маблағларнинг фуқаролар кесимидаги ҳисоби Молия вазирлиги томонидан юритилмайди. Бунда ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи ярмида кўрсатилган миқдорда маблағлар бюджетга келиб тушмади», — дейилади хабарда.

Хусусан, ўтган йили давомида давлат даромадига ўтказилган мол-мулк (валюта маблағлари ва заргарлик буюмларини қўшган ҳолда) сотишдан тушумлар 163 млрд.сўмни ёки 20,2 млн. АҚШ долларини (ўртача йиллик курс бўйича) ташкил қилди.

Жорий йил биринчи ярмида эса давлат ихтиёрига ўтказилган мол-мулкни сотишдан 99,4 млрд сўм ёки 11,8 млн АҚШ доллари (ўртача курс бўйича) келиб тушди.

23 июнь куни «Гулнора Каримова жамоаси» деб номланган Instagram-саҳифасида унинг номидан хат эълон қилинган эди. Мактубда қайд этилишича, Гулнора Каримова биринчи илтимоси бўйича унга тегишли маблағларни мамлакатни ривожлантириш учун ҳамкорликни бошлаган.

Хатга кўра, республиканинг биринчи президенти қизига тегишли Ўзбекистон ҳудудида бўлган 1,2 млрд долларлик мол-мулклар республика бюджетига тақдим этилган.

Аввалроқ Швейцария прокуратураси Гулнора Каримова ҳисоб рақамларида музлатиб қўйилган 130 млн швейцар кронаси (133,7 млн доллар) миқдоридаги маблағ Ўзбекистонга қайтарилишини маълум қилган эди.