26 июнь куни Тошкентда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб қўйилган бир тоннадан зиёд гиёҳванд моддаларнинг навбатдаги партияси йўқ қилинди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган тадбир Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қар­ши кураш куни муносабати билан ташкил этилди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизматининг хабар қилишича, жами бўлиб 1 тонна 27 кг 911 гр гиёҳванд моддалар, жумлада 7,7 кг героин, 195,4 кг опий, 56,1 кг гашиш, 557,3 кг марихуана, 130,1 кг кўкнор, 80,9 кг наша, 263 гр сунъий гиёҳванд моддалар, шунингдек кўп миқдордаги турли хил таблетка ва эритма кўринишидаги психотроп ва психофаол моддалар йўқ қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2018 йилда гиёҳванд моддалар айланмаси билан боғлиқ 4779 та жиноят аниқланди. Улардан 1626 таси наркотикларни сотиш, 171 таси — контрабанда, 1238 таси — гиёҳванд моддалар сақловчи ўсимликларни экиш, 66 таси — наркопритон сақлаш ва 1678 таси — бошқа жиноятлардан иборат.

2018 йилда 1,17 тонна гиёҳванд моддалар: героин — 20,6 кг, опий — 254,7 кг, гашиш — 61,4 кг, марихуана — 600,8 кг, кўкнор — 227 кг, трамадол — 7,5 кг, шунингдек 165,7 гр янги психофаол моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Афғонистонда гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш Ўзбекистондаги нарковазиятга таъсир кўрсатган асосий омил бўлиб қолмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2018 йилда ушбу мамлакатда гиёҳванд моддалар сақловчи ўсимликлар экилган майдон 263 минг гектар, ишлаб чиқариш ҳажми эса 6400 тоннани ташкил этди.

Ўтган йили гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун 46 нафар чет эл фуқароси (Афғонистон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Арманистон, Франция, Италия ва Жанубий Кореядан) қўлга олинди. Улардан 190,6 кг гиёҳванд моддалар олиб қўйилди.