Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳрида ҳарбий омборхонада портлаш содир бўлгани сабабли «Чимкент — Арис — Тимур» участкасида йўловчи поездлари ҳаракати тўхтатилди, дея хабар берди Қозоғистоннинг «Йўловчи ташувлари» компанияси.

Tengrinews.kz маълумотларига кўра, 13 поезд, жумладан «Уфа — Тошкент» (№ 382) ва «Самарқанд — Нур-Султан» (№ 252) поездлари ҳаракати тўхтатилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» маълумотхонаси «Газета.uz"га «Уфа-Тошкент» поезди «техник сабабларга кўра» ушланиб қолганини тасдиқлади. Поезд ҳозирда Туркистонда.

Душанба куни эрталаб Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳридаги ҳарбий қисм ҳудудидаги омборхона биносида юзага келган ёнғин ҳарбий ўқ-дориларнинг портлашига сабаб бўлди. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди ва аҳолини эвакуация қилиш бошланди.