Сенат қўмитаси томонидан хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирликларининг сайёҳлар учун расмий тавсиянома ва огоҳлантиришлари таҳлил қилинди. Бу ҳақда 21 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида сўз борди.

Маърузада таъкидланганидек, турли минтақаларда жойлашган жами 66 та давлатнинг расмий идоралари томонидан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун эълон қилинган тавсияномалар ўрганилган. Уларда Ўзбекистон тўғрисида нохолис, эскирган маълумотлар ва мавжуд камчиликлар тақдим этилгани аниқланди.

Хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар учун қуйидаги нохолис ва эскирган таҳдид ва огоҳлантиришлар ўрин олган:

  • Ўзбекистонда рўй бериши мумкин бўлган террористик ҳаракатлар, зўравонлик жиноятлари, минтақада сиёсий кескинлик, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан чегарадош айрим ҳудудларда, шу жумладан республиканинг жанубий сарҳадларида ва Фарғона водийсида беқарор ҳолатлар билан боғлиқ хавфсизликка жиддий таҳдидлар мавжуд;
  • Ўзбекистонга чегарадош қўшни мамлакатлар билан кескинлик, ҳаттоки ушбу ҳудудларда мунтазам ҳарбий тўқнашувлар эҳтимоли борлиги ва бундай можаролар мунтазам содир бўлиши ҳамда пиёдага қарши миналар билан боғлиқ хавф-хатарлар мавжуд;
  • мамлакатда ўғирлик ва босқинчилик, аҳоли гавжум жойларда — бозорлар, поездлар, жамоат транспортидаги талончилик ва киссавурлик ҳамда фирибгарлик ҳолатлари учраб туради. Бундай ҳолатлар туристик мавсумда авж олади;
  • виза режими қоидаларини бузганлик учун сайёҳлар маъмурий жавобгарликка тортилади, шу жумладан, уларга катта миқдорда жарима солиниши, баъзида узоқ давом этадиган суд жараёнларига жалб қилиниши, кейинчалик эса депортация каби жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Виза муддатини узайтириш имкониятларининг мавжуд эмас ёки чекланган;
  • Аксарият ҳолларда Ўзбекистонга ташриф буюрган фуқароларга келган кунидан бошлаб 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши ва 3 кундан ортиқ муддатга бошқа бирор шаҳарда қоладиган бўлса, бу жараённи қайта такрорлаш мажбурияти юклатилган;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида кўп давлатлар Ўзбекистонда тиббий ёрдам барча жойларда мавжуд эмас ва унинг сифати жуда паст даражада. Шунингдек, Ўзбекистонда даволанишнинг ҳеч қандай услубини қўлламаслик тавсия этилади. Қайд этилишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими кўпгина жиддий касалликларни даволаш учун етарли даражада тараққий топмаган. Республикада тиббиёт муассасалари сони чекланган бўлиб, касалхоналар керакли анжомлар билан етарли даражада таъминланмаган ва улар гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, шунингдек, дори-дармонларнинг заҳираси жуда озлиги ҳақида ҳам маълум қилинган;
  • Ўзбекистонда транспорт ва инфратузилма соҳасида хавф-хатарлар мавжудлиги, шу жумладан йўллардаги шарт-шароитларнинг ва бошқариш стандартларининг қониқарсизлиги, йўлларнинг ёритиш даражаси пастлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, йўналиш ахборот-кўрсаткичлари йўқлиги, келгусида бу соҳада амалий чора-тадбирлар кўриш лозимлигини талаб қилади;
  • республикадаги жамоат бинолари, аэропортлар, қўприклар ва метро бекатларида суратга тушиш ман этилгани, телефон хизматлари тизимининг беқарорлиги ва ушбу хизмат турининг меҳмонхоналарда қимматлиги, электр тармоғида, айниқса, қишлоқ жойларида тез-тез узилишлар содир бўлиб туриши тўғрисида ҳам ахборот берилган;
  • Ўзбекистон ҳукумати томонидан жиноятчиликнинг аниқ кўрсаткичлари қайд этилган расман нашр этилмаслиги ҳамда маълумотларнинг катта қисми норасмий манбалар орқали шакллантирилишига ҳам эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, деярли барча мамлакатлар Ўзбекистонга ташриф олдидан етарлича нақд пул олишни тавсия этишган ва йўл чеклари, кредит карталаридан пойтахт марказидаги чекланган банк муассасалари ёки замонавий меҳмонхоналардан бошқа жойда фойдаланишнинг имкони йўқлигига эътибор қаратилган.

Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳақиқий вазиятга оид объектив маълумотларни жаҳон ҳамжамиятига етказишда идоралараро мувофиқлаштириш ва мақсадли вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, туристлар оқимининг ошишига замин яратувчи инфратузилмани янада яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни жорий этишни тақозо қилади.

Ўзбекистоннинг туристларни жалб этиш имкониятларини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастури амалга оширилаётган айни вақтда хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирликлари тавсия этаётган бутун бир комплекс эҳтиёткорлик чоралари қисқа муддатларда бартараф этилиши мумкин.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистоннинг истиқболли сайёҳлик йўналишида халқаро имижини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган чоралар юзасидан Ўзбекистон бош вазирига парламент сўрови юборилади.