2019 йил 27 май куни «Аsiaterra.info» сайтида тошкентлик бир гуруҳ аёллар Президент трассасида жанжал уюштиргани ва уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганидан норози бўлишгани билан боғлиқ мақола эълон қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Дарҳақиқат, 2019 йил 20 май куни соат тахминан 08.45 ларда Гулбаҳор Ташматова, Малика Ҳаитова, Муҳаббат Акбарова, Гулбаҳор Каримбекова ва Хурсаной Эргашева Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар Қўмитаси биноси қаршисида Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган махсус йўналишда тўпланишиб, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдан ҳаракатланишини билган ҳолда, махсус йўналишда ҳаракатланаётган кортедж йўлига чиқиб мурожаат қилмоқчи бўлганларида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари Д.Доулетов ва Б.Иззатуллаев ушбу фуқароларга мазкур йўналиш бўйлаб тўпланиб туриш ва давлат раҳбарига бундай тарзда мурожаат қилиш мумкин эмаслигини, ўзларини қизиқтираётган масалалар билан тегишли тартибда мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириб, махсус йўналишдан четроқда туриш кераклигини айтганларида, шикоятчи аёллар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини турли уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, шовқин-сурон кўтаришиб, қонуний талабларини бажаришдан бош тортишиб, қаршилик кўрсатган ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг махсус кийим бошларини йиртганлар.

Иш ҳужжатларидаги жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича маъмурий ишнинг Х.Эргашевага оид қисми унинг хаста эканлиги муносабати билан алоҳида иш юритувига ажратилганлиги кўрсатилган.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман маъмурий суди томонидан 2019 йил 21 майда кўриб чиқилган.

Суд мажлисида сўралган Г. Ташматова, М.Хаитова, М.Акбарова ва Г. Каримбекова ўзларининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатини инкор этиб, судда ҳолат юзасидан кўрсатув беришдан бош тортганлар.

Гарчанд шикоятчи аёллар ўзларига оид маъмурий иш юзасидан суд мажлисида кўрсатув беришдан бош тортган бўлсалар-да, суд иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, мазкур ҳуқуқбузарликларни содир қилганликлари қуйидаги асосларга кўра, яъни миллий гвардия ходимларининг билдиргилари, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари, суд мажлиси жараёнида аниқланган ҳолатлар ва иш ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқланган.

Ушбу фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, Г. Ташматова ва М.Хаитова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддасига асосан узил-кесил 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган;

М.Акбарова ва Г. Каримбекова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, уларга 34-моддасига асосан узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ушбу фуқаролардан кассация тартибида шикояти келиб тушмаган.