17−19 июнь кунлари Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Белоруссия бошқарув доиралари, вазирликлар, уюшмалар ва компаниялар томонидан турли соҳаларда, хусусан енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, чорвачилик, мебель ва қурилиш материаллари ҳамда бошқа cоҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Беларусь бош вазири ўринбосари Владимир Дворник республика ҳукумати Ўзбекистон билан саноат кооперациясига қизиқиш билдираётгани ҳамда техникаларни ишлаб чиқариш бўйича кенг миқёсли лойиҳани амалга оширишни таклиф этишини маълум қилди. Унинг фикрича, беларусь корхоналари иштирокида Ўзбекистон газ-транспорт ва газ тақсимлаш тармоқларини автоматлаштириш бўйича лойиҳалар муваффақиятли бўлиши мумкин, деб ёзади «Белта» агентлиги.

«Агросаноат мажмуаси, машинасозлик, озиқ-овқат ва фармацевтика, енгил саноат соҳаларидаги ҳамкорлик устувор йўналишлар ҳисобланади. Асосий эътиборни саноат кооперацияси, ҳамкорликдаги ишлаб чиқаришларни ташки этишга қаратамиз, — деди Владимир Дворник. — Ўзбекистонда юк, махсус ва тиркамали техникалар, газ-моторли ёқилғили автобусларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича кенг миқёсли лойиҳаларни таклиф этамиз. Минск автомобиль заводи юқори даражали маҳаллийлаштиришни ўз ичига олган бу каби ишлаб чиқаришларни ташкил этишда иштирок қилишга тайёр». Фармацевтика ва енгил саноат соҳаларида ҳам ўзаро алоқалар учун истиқболлар мавжуд.

Агентлик маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида Ўзбекистонда ўзбек томони маблағлари ҳисобидан беларусь лойиҳавий ва қурилиш ташкилотлари, бутловчи ускуналарини жалб қилган ҳолда сут-товар мажмуаларини қуриш бўйича келишувларга эришилди. Апрелда ташкил этилган «Здравушка Ташкент» корхонаси лойиҳаси бўйича сутни қайта ишлаш заводи ва сут-товар мажмуасини қуриш режалаштирилмоқда.

Беларусь сифатли ўзбек маҳсулотлари, биринчи навбатда — сархил ва қайта ишланган мевалар ва сабзавотлар, ёнғоқлар, пахта толаси ва мис симга қизиқиш билдирган.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазилиги маълумотларига кўра, Беларусь Давлат технологик университети ректори ва раҳбарлари билан учрашувда ҳамкорликда қурилиш соҳасида ва иқтисодиётнинг бошқа йўналишларида ҳамкорликдаги амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш келишилди.

Хусусан, Беларусь Миллий Фанлар академияси Президиуми Раиси ўринбосари билан Беларусь Миллий фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги хужжатларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжат икки давлат асосий йўналишлари бўйича инновацияларни жорий қилиш, илмий ва техник ривожланиш учун шароит яратиш ҳамда сўнгги технологияларни ўзлаштириш соҳаларида ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Беларусь илмий муҳитини ривожлантириш учун самарали алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, танловдан ўтган 10 нафар аспирант ва 200 нафар ёш олимларни қисқа муддатли стажировка курсларига юбориш учун Беларус Республикасининг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида аспирантура ва докторантурада ўқишлари учун илмий муассасаларни белгилашни тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида Беларусь давлат университети ва «Унитехпром БГУ» технопарклари раҳбарлари билан учрашув ҳам ўтказилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги «Яшнаобод» технопарки ҳамда «Унитехпром БГУ» технопарки резидентлари ўртасида тажриба ўртоқлашиш ҳамда юртимизда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.