Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси 20 май куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида Миллий гвардия ходимлари томонидан беш нафар аёлнинг қўлга олингани тўғрисидаги хабарга изоҳ берди.

Аввалроқ ОАВ ва ижтимоий тармоқларда уларнинг тўрт нафари — Гулбаҳор Тошматова, Малика Хайитова, Муҳаббат Акбарова ва Гулбаҳор Каримбекова — гўёки Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева қабулига кирмоқчи бўлганида қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Миллий гвардия матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, аёллар 8:45 да Мустақиллий кўчасида қўмита биноси қаршисида ушбу йўналиш бўйича давлат раҳбари кортежи ўтишини билган ҳолда тўпланган. Улар ҳаракатланаётган кортежни тўхтатиб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилмоқчи бўлишган.

Ҳарбий хизматчилар аёлларга ушбу йўналишда фуқароларнинг тўпланиши мумкин эмаслигини ҳамда ўзларини қизиқтирган масалаларда кимга ва қандай тартибга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтиришган. Сўнгра Миллий гвардия ходимлари аёллардан жамоат тартибини сақлашни сўрашган, бироқ улар рад этган ва ҳарбий хизматчиларни ҳақорат қилишган, дея хабар берди Миллий гвардиядан.

Ҳодисадан сўнг Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан текширув ўтазилди. Текширувлар натижалари бўйича маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан «ўзларини жабрдийда кўрсатган» шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди, дея қайд этди Миллий гвардия матбуот хизмати.

Аёлларнинг ўзлари «Озодлик» радиосига интервьюсида қўмита биноси яқинида ташкилот ходимлари билан учрашишни кутиб ўтирганини маълум қилган. Уларнинг олдига Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бориб, бу ерда ўтириш мумкин эмаслигини айтади, шундан сўнг уларни Мирзо Улуғбек туман ИИО ФМБга олиб боради.

Гулбаҳор Тошматова, «Озодлик» маълумотларига кўра, Хотин-қизлар қўмитасига пойтахтдаги мактаблардан бирининг директори лавозимидан ноқонуний бўшатилгани сабабли Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилмоқчи бўлган. Муҳаббат Акбарова эса собиқ прокурорга берган қарзини, суд ҳукмлари мавжудлигига қарамай, Мажбурий ижро бюроси ундириб беролмаётганидан шикоят қилмоқда. Яқинда унга Янгийўл туман Мажбурий ижро бюросидан келган хатда собиқ прокурор номида ҳеч қандай мол-мулк мавжуд эмаслиги баён этилган. Малика Ҳайитова собиқ эри билан боғлиқ мол-мулк бўйича суд жараёнларининг чўзилиб бораётганидан шикоят қилмоқда. Гулбаҳор Каримбекова эса унинг турмуш ўртоғи ЙТҲ ортидан ноқонуний судланиб, қамалиб кетганидан норозилик билдирмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси аёллар ҳодисадан сўнг таклиф қилингани ҳамда улар билан муаммоларига оид суҳбат бўлиб ўтганини хабар қилди. «Уларнинг муаммолари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ваколатига кирса ҳам, бугунги кунда улар белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда. Икки аёлнинг муаммолари ўзининг ижобий ечимини топди», — дея қайд этди қўмита вакили.

Ташкилот вакилининг эслатиб ўтишича, фуқаролар қабули ҳар куни ўтказилмоқда, қўмита раиси Танзила Норбоева эса пайшанба кунлари эрталабдан кечгача (хизмат сафарида бўлган кунлардан ташқари) аёлларни қабул қилмоқда. Қўмита матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, 20 май куни қабулга 18 нафар аёл келган.