Ўзбекистон ҳукумати 18 июндаги қарори билан мажбурий ягона мактаб формасини жорий этишни 2024−2025 ўқув йилига қадар ортга сурди. Ҳужжат нусхасини бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook-саҳифасида эълон қилди.

Мактаб формаси намуналари ва уни 2019/2020 ўқув йилидан жорий этиш тўғрисида ўтган йилнинг 15 август куни Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди.

Май ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мажбурий формани жорий этишга ҳали эрта эканини таъкидлаган эди.

Формани жорий этиш муддатларининг кечиктирилиши тўғрисида яқинда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам хабар берган эди. Ҳозирча тасдиқланган намунадаги формани кийиш ихтиёрий.