Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ қарзини ундиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар давомида 1560 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 21 млрд сўм, 3250 нафар фуқаронинг 1,7 млрд сўм солиқ қарзи ундирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда энг кўп қарздорлик қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида солиқ қарзини ундириш бўйича жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 12765 та қарздор корхонанинг 487,6 млрд сўмдан зиёд солиқ қарзи ундирилган бўлса, шундан 174,8 млрд сўми айнан қурилиш корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мисол учун, Чилонзор туманида рўйхатдан ўтган «KO'PRIKQURILISHBUTLASH» корхонаси раҳбарларининг лоқайдлиги сабаб тўпланиб қолган 1,2 млрд сўмлик солиқ қарзи мажбурий ундирувга қаратилиб, суд қарори асосида ундирилди.

Худди шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида рўйхатдан ўтган «Тошкент иссиқлик маркази» давлат унитар корхонасининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарзи ойлар давомида тўпланиб қолган. Туман давлат солиқ инспекциясининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, солиқ қарздорлиги бартараф этилмади. Пировардида 3,2 млрд сўмлик қарздорлик корхонанинг дебиторлари ҳисобидан инкассо топшириқномаси асосида ундириб олинди.