2019 йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда парламент юқори палатасининг йигирманчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Сўзга чиққанлар ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар мамлакатимиз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилганлигини таъкидлади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатасининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда. Қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик ва шаффофлик Ҳисоб палатаси фаолиятининг асосий принциплари сифатида киритилмоқда.

Ҳисоб палатаси давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органидир. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари шакллантирилишининг ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги устувор йўналишларга мувофиқлигининг тизимли таҳлилини амалга ошириш, қабул қилинаётган давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш, бюджет тизими бюджетларига ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш каби бир қатор вазифалар унинг зиммасига юкланган.

***

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилганидек, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тубдан такомиллаштирилмоқда. Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Таъкидланганидек, Қонун фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигини, шахсий маълумотлар билан ишлаш жараёнида барча қатнашчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Қонуннинг қабул қилиниши эса мазкур соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, қўмита мажлисида «Қурол тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш, уларни турли хавф-хатарлардан асрашга алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Хусусан, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш ва жамоат тартибини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилиб, кейинги икки йилда мазкур соҳага оид кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Мажлисда муҳокама қилинган «Қурол тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам жамоат тартибини таъминлашга қаратилган муҳим вазифаларнинг узвий давомидир.

Қайд этилганидек, бугунги кунда ушбу соҳага оид ҳуқуқий қоидаларни ягона тамойиллар асосида бирлаштириши лозим бўлган қонуннинг йўқлиги кўпгина ҳуқуқий бўшлиқларни вужудга келтирмоқда. Бунинг оқибатида ҳуқуқни қўллаш амалиётида жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда. Янги қонуннинг қабул қилиниши бу муаммоларнинг хал қилинишига, соҳадаги муносабатларни қонунчилик даражасида тартибга солинишига хизмат қилади.

***

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғликни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида мамлакатда имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Бош вазир ўринбосарига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Бу борада қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этилди. Хусусан, дарсликлар лойиҳаларини баҳолашнинг шаффоф механизмини яратиш ва уларни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг www.eduportal.uz сайтида «Дарсликлар муҳокамаси» номли рукн очилиб, дарсликларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни аниқлаш, улар юзасидан тегишли изоҳ қолдириш имконияти яратилган.

2019/2020 ўқув йили учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни ҳар томонлама сифатли, хато ва камчиликларсиз чоп этиш мақсадида 200 нафарга яқин амалиётчи фан ўқитувчилари иштирокида 31 номдаги дарслик қайта экспертизадан ўтказилиб, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун муаллифлар ва нашриётларга юборилганлиги таъкидланди.

****

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида таъкидланганидек, йигирманчи ялпи мажлис кун тартибига киритилган янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мақсади туризм соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, туристик хизматлар бозорини ривожлантириш, шунингдек туристлар ва туристик фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири сифатида туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, мажлисда «Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

***

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилинди.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси мажлисида Сирдарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг тегишли қарорлари қабул қилинди.